Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 3974 марта ўқилди

Мижоз ҳисобварақни исталган вақтда ёпа оладими?

Ҳа. Банк ҳисобварағи шартномаси мижознинг аризасига кўра исталган вақтда бекор қилиниши мумкин.

Шартноманинг бекор қилиниши банк ҳисобварағини ёпиш учун асос бўлади.

Банк ҳисобварақни ўз хоҳиши билан ёпа оладими?

Банк мижознинг ҳисобварағини истаган пайтда бир томонлама ёпиб қўя олмайди. Фуқаролик кодексида назарда тутилган айрим ҳолларда банк шартномани бекор қилишни суддан талаб қилиши мумкин.

Бундай ҳолатларга, жумладан:

  • ҳисобварақдаги пул банк қоидалари ёки шартномада назарда тутилган энг кам миқдордан камайиб, банк огоҳлантирганидан кейин 1 ой ичида тикланмаса;
  • агар шартномада бошқа муддат белгиланмаган бўлса, ҳисобварақ бўйича 1 йил давомида умуман операция қилинмаса киради.

Ҳисобварақда пул қолган бўлса нима бўлади?

Ҳисобварақда пул қолган бўлса, мижознинг тегишли ёзма аризаси олингандан кейин қолдиқ:

  • мижозга берилиши;
  • ёки унинг кўрсатмасига кўра бошқа ҳисобвараққа ўтказилиши керак.

Бу 7 кундан кечиктирмай амалга оширилиши лозим.

Ҳисобвараққа хатлов қўйилган бўлса-чи?

Қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳисобварақдаги маблағларга хатлов қўйилиши ёки ҳисобварақ бўйича операциялар тўхтатилиши мумкин. Бундай чеклов мавжуд бўлганда маблағни тасарруф қилиш ва ҳисобварақ билан боғлиқ ҳаракатлар тегишли чекловни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъекти тугатилаётганда ҳам шу тартибми?

Тадбиркорлик субъектини ихтиёрий тугатиш ёки унинг фаолиятини тўхтатишда банк ҳисобварақларини ёпиш учун алоҳида тартиб мавжуд.

Амалдаги Йўриқнома бундай субъектларнинг ҳисобварақларини ёпиш тегишли тугатиш қоидалари асосида амалга оширилишини белгилайди.

Эслатма: ҳисобварақни ёпишдан олдин унга боғланган автоматик тўловлар, карта, кредит ёки бошқа банк маҳсулотлари бор-йўқлигини текшириш мақсадга мувофиқ. Ҳисобварақда пул қолса, уни қайси ҳисобвараққа ўтказиш кераклигини аризада аниқ кўрсатиш лозим.

Chat