Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 72152 марта ўқилди

Академик таътил қайси ҳолатларда берилади

Талабага академик таътил:

— ҳарбий хизматни ўташ учун;

— саломатлигини тиклаш учун;

— ҳомиладорлик ва туғиш учун;

— болани парвариш қилиш учун;

— бетоб оила аъзосини — ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс, турмуш ўртоғи ёки фарзандини парвариш қилиш учун берилиши мумкин.

Академик таътил ўқув йилининг исталган қисмида берилиши мумкин ва ўқиш давомида уни олиш сонига миқдорий чеклов белгиланмаган.

Академик таътил — қонунчиликда белгиланган асослар мавжуд бўлганда талабанинг ўқишини маълум муддатга вақтинча тўхтатиб туриш.

Муддати

Ҳарбий хизмат учун академик таътил — хизмат муддатига берилади.

Ҳомиладорлик, туғиш ва болани парвариш қилишда — қонунчиликда белгиланган тегишли таътил муддатига берилади.

Саломатликни тиклаш ёки бетоб оила аъзосини парвариш қилиш учун эса, қоида тариқасида, талаба тўлиқ ўзлаштирмаган семестрнинг кейинги йилда бошланишига қадар берилади.

Қандай ҳужжатлар керак

Талаба ОТМ ректори ёки директори номига ариза беради.

Аризага:

— ҳарбий хизмат учун — чақирув қоғози;

— саломатлик, ҳомиладорлик, туғиш ёки болани парвариш қилиш учун — тиббиёт муассасасининг хулосаси;

— бетоб оила аъзосини парвариш қилиш учун — ўша шахс тиббий назоратда турган муассасанинг хулосаси илова қилинади.

Агар талаба соғлиғи туфайли шахсан мурожаат қила олмаса, унинг ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахс ёки турмуш ўртоғи мурожаат қилиши мумкин.

Ариза бир ҳафта ичида кўриб чиқилади ва академик таътил ректор ёки директор буйруғи билан расмийлаштирилади.

Таълимни давом эттириш имконияти

Талабанинг хоҳишига кўра, агар тегишли имконият мавжуд бўлса, академик таътил даврида унинг ўқиши:

— сиртқи;

— масофавий;

— айрим ҳолларда экстернат шаклига вақтинча ўтказилиши мумкин.

Бу талабага таълимдан тўлиқ узилмасдан мустақил равишда ўқишни давом эттириш имконини беради.

Эслатма: академик таътил талабани ОТМдан четлаштириш ҳисобланмайди, аммо академик таътил даврида стипендия тўланмайди.

Академик таътилдан қайтиш

Агар академик таътилга чиққанидан кейин бир ой ўтмаган бўлса, талаба таътилни бекор қилиб, ўқишга қайтишни сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Академик таътил муддати тугагач, талаба ўқишга қайтиш учун ректор ёки директор номига ариза бериши шарт.

Белгиланган муддатда қайтган талабанинг аризасини асоссиз равишда рад этишга йўл қўйилмайди. Мурожаат бир ҳафта ичида кўриб чиқилади.

Талаба академик таътилдан ўз вақтида қайтса, илгари ўзлаштирган фанларини қайтадан ўқиши шарт эмас.

Chat