Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8075 марта ўқилди

Ким мурожаат қилиши мумкин?

18 ёшга тўлган ва муомала лаёқатига эга Ўзбекистон фуқароси ўз хоҳишига кўра фуқароликдан чиқиш тўғрисида илтимоснома бериши мумкин.

Илтимоснома Ўзбекистон Республикаси Президенти номига шахсан берилади.

Фуқароликдан чиқиш — шахснинг ўз илтимосномаси асосида Ўзбекистон фуқаролигининг белгиланган тартибда тугатилиши.

Илтимоснома — фуқароликдан чиқишни сўраб бериладиган расмий мурожаат.

Ваколатли орган — ҳужжатларни қабул қиладиган ички ишлар органи ёки консуллик муассасаси.

Қаерга мурожаат қилинади?

Илтимоснома:

  • Ўзбекистонда яшовчи шахс томонидан — доимий яшаш ёки вақтинча турган жойидаги ички ишлар органига;
  • хорижда яшовчи шахс томонидан — Ўзбекистон консуллик муассасасига берилади.

Касаллик ёки тегишли давлатда консуллик мавжуд эмаслиги каби узрли сабабларда нотариал тасдиқланган илтимосномани ишончли шахс орқали топшириш мумкин.

Қандай ҳужжатлар керак?

Қуйидагилар тақдим этилади:

  • белгиланган шаклдаги илтимоснома ва сўровнома;
  • паспорт ёки ID-карта нусхаси;
  • мавжуд бўлса, никоҳ тузилганлиги ёки бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома;
  • бола илтимосномага киритилса, унинг туғилганлик гувоҳномаси ва мавжуд бўлса паспорти ёки ID-картаси;
  • давлат божи ёки консуллик йиғими тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Агар ариза берувчининг Ўзбекистон фуқароси бўлган эри ёки хотини, ота-онаси ёхуд қарамоғидаги шахслари Ўзбекистонда доимий яшаса, уларнинг мулкий эътирози йўқлиги ҳақида нотариал тасдиқланган аризалари ҳам тақдим этилади.

Бола илтимосномага киритилса

Ота-онадан бири Ўзбекистон фуқаролигини сақлаб қолса, боланинг фуқароликдан чиқиши учун унинг нотариал тасдиқланган розилиги талаб қилинади.

14 ёшдан 18 ёшгача бўлган боланинг ёзма розилиги ҳам шарт.

Муҳим: ота-онадан бири фуқароликдан чиқса, иккинчиси Ўзбекистон фуқароси бўлиб қолса, бола автоматик равишда Ўзбекистон фуқаролигини сақлаб қолади.

Ҳужжатлар қандай текширилади?

Масъул ходим ҳужжатларни қабул қилганидан кейин 3 иш куни ичида уларнинг тўлиқлиги ва тўғри расмийлаштирилганини текширади.

Мурожаат «E-Fuqaro» идоралараро маълумотлар базаси ёки Консуллик ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилади.

Ариза берувчининг талабига кўра илтимоснома қабул қилингани ва рўйхатдан ўтказилгани ҳақида 3 иш куни ичида маълумотнома берилади.

Кўриб чиқиш муддати

Текширув талабномаси ва хулосани тайёрлаш, қоида тариқасида, бир ой давом этади. Қўшимча маълумот зарур бўлса, бу муддат яна бир ойгача узайтирилиши мумкин.

Фуқаролик масаласи бўйича материалларни кўриб чиқишнинг умумий муддати ахборот тизимига киритилган кундан бошлаб бир йилдан ошмаслиги керак.

Қачон кўриб чиқиш тугатилади?

Қуйидаги ҳолатларда материалларни кўриб чиқиш тугатилиши мумкин:

  • давлат олдида бажарилмаган мажбурият ёки мулкий мажбурият мавжуд бўлса;
  • шахс қидирувда бўлса;
  • у жиноят ишида айбланувчи бўлса ёки жазони ўтаётган бўлса;
  • ижро этилиши лозим бўлган суд ҳукми мавжуд бўлса;
  • била туриб ёлғон маълумот ёки сохта ҳужжат тақдим этилса.

Эътибор беринг: илтимоснома беришнинг ўзи фуқароликни тугатмайди. Шахс тегишли қарор кучга кирганидан кейингина Ўзбекистон фуқаролигидан чиққан ҳисобланади.

Chat