Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 33340 марта ўқилди

Репродуктив саломатлик нима?

Репродуктив саломатлик — инсоннинг репродуктив тизими, унинг функциялари ва жараёнларига оид ҳолатларда нафақат касаллик ёки нуқсонлар мавжуд эмаслиги, балки жисмоний, руҳий ва ижтимоий жиҳатдан соғлом бўлишини англатади.

Репродуктив саломатликни сақлаш фуқаронинг соғлом фарзанд кўриш, оила қуриш ва репродуктив ҳуқуқлардан хавфсиз фойдаланиши учун зарур шарт-шароитларни қамраб олади.

Репродуктив саломатлик соҳасида қандай тиббий хизматлар кўрсатилади?

Фуқаролар репродуктив саломатлик масалалари бўйича маслаҳат, профилактика, ташхис ва даволаш хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Булар қаторига, жумладан:

  • оилани режалаштириш;
  • контрацепция усуллари бўйича маслаҳат;
  • ҳомиладорликка тайёргарлик;
  • ҳомиладорлик даврида тиббий кузатув;
  • она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш;
  • бепуштликни аниқлаш ва даволаш;
  • репродуктив тизим касалликларини профилактика қилиш ва даволаш киради.

Ҳомиладорликни қачон сунъий тўхтатиш мумкин?

Аёл ҳомиладорликни қонунда белгиланган тартибда сунъий тўхтатиш тўғрисида мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Аёлнинг хоҳишига кўра ҳомиладорликни сунъий тўхтатиш 12 ҳафтагача амалга оширилиши мумкин. Ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатма мавжуд бўлса, ҳомиладорлик муддатидан қатъи назар тўхтатилиши мумкин.

Тиббиёт муассасаси аёлга ушбу тиббий аралашувнинг эҳтимолий салбий оқибатлари ҳақида маълумот бериши шарт.

Ногиронлиги бўлган шахс ким ҳисобланади?

Ногиронлиги бўлган шахс — жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари турли тўсиқлар билан ўзаро таъсирда унинг жамият ҳаётида бошқалар билан тенг ва тўлиқ иштирок этишига халал бериши мумкин бўлган, шу сабабли ижтимоий ёрдам ва ҳимояга муҳтож шахсдир.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятда тенг иштирок этиши учун шароит яратиш, зарур ижтимоий хизматлар ва реабилитация чораларини ташкил этишни қамраб олади.

Реабилитация нимани англатади?

Реабилитация ногиронлиги бўлган шахснинг кундалик ҳаёт, таълим, меҳнат ва жамиятда иштирок этиш имкониятларини тиклаш ёки яхшилашга қаратилган тиббий, ижтимоий, касбий ва бошқа чора-тадбирлар мажмуасидир.

Реабилитация чоралари шахснинг индивидуал эҳтиёжларидан келиб чиқиб белгиланади.

Давлат қайси тиббий хизматларни кафолатлайди?

Давлат тиббий суғуртаси механизмлари доирасида аҳолига кафолатланган тиббий ёрдам пакети бўйича хизматлар давлат ҳисобидан кўрсатилади.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами даражасида бу, жумладан:

  • оилавий шифокор ва ҳамшира қабули;
  • тиббий кўрсатма бўйича уйда хизмат кўрсатиш;
  • профилактик кўрик ва скрининглар;
  • эмлаш ва иммунопрофилактика;
  • оилани режалаштириш бўйича хизматлар;
  • ҳомиладорлик ва туғруқдан кейинги даврда кузатув;
  • белгиланган лаборатория ва инструментал текширувлар;
  • касалликларни ташхислаш ва даволаш;
  • белгиланган турдаги паллиатив ёрдам;
  • тасдиқланган рўйхат доирасида айрим дори воситалари, тиббий буюмлар ва сарф материалларини қамраб олади.

Кафолатланган пакетдан ташқари хизматлар, қоида тариқасида, пулли асосда кўрсатилади. Шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам бундан мустасно.

Chat