Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 32735 марта ўқилди

Тавсиянома кимларга берилади

Тавсиянома муддатли ҳарбий хизмат даврида:

— жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда юқори натижа кўрсатган;

— зарур билим ва кўникмаларга эга бўлган;

— ҳарбий интизомга риоя қилган;

— хизмат вазифаларини намунали бажарган ҳарбий хизматчиларга берилади.

Тавсиянома беришда ҳарбий хизматчининг хизмат давридаги ўқиш натижалари, рағбатлантирилганлиги ва якуний синовда тўплаган натижалари ҳисобга олинади.

Якуний синов

Муддатли ҳарбий хизматчилар учун якуний тест синови 100 та саволдан иборат бўлиб, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик, математика, физика ва мантиқий фикрлаш бўйича билимларни қамраб олади.

Синов учун жами 3 соат ажратилади.

Хизмат давомида ўқув натижалари ҳам баҳоланади. Масалан, йиллик ўртача кўрсаткичи юқори бўлган ҳарбий хизматчига қўшимча балл берилади.

Қанча ҳарбий хизматчи тавсиянома олади

Ҳарбий қисмда тавсиянома олувчилар сони, қоида тариқасида, муддатли ҳарбий хизматчилар умумий сонининг 40 фоизидан ошмаслиги керак.

Агар рейтингда охирги тавсиянома ўрнида бир нечта ҳарбий хизматчи бир хил балл тўпласа, уларнинг барчасига тавсиянома берилади.

Давлат мукофоти билан тақдирланган муддатли ҳарбий хизматчи якуний синов натижасидан қатъи назар тавсиянома олиш ҳуқуқига эга.

Тавсиянома қандай имтиёз беради

Тавсиянома олган ҳарбий хизматчи:

— олий ҳарбий таълим муассасаларига киришда тестда тўплаган баллининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл олади;

— республикадаги фуқаролик олий таълим ташкилотлари бакалавриатига киришда умумий қабул параметрларидан ташқари белгиланадиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этади.

Тавсиянома — муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаган шахсга олий таълимга киришда қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат.

Тавсиянома қанча вақт амал қилади

Тавсиянома берилган кундан бошлаб 3 йил давомида амал қилади.

Шу муддат ичида фуқаро белгиланган имтиёзлардан фойдаланиб ОТМга кириш учун танловда иштирок этиши мумкин.

Қайси ҳолатда тавсиянома берилмаслиги мумкин

Хизмат даврида қўпол интизомий ҳуқуқбузарлик содир этилгани хизмат текшируви билан тасдиқланиб, командир буйруғи билан расмийлаштирилган бўлса, ҳарбий хизматчи юқори балл тўплаган тақдирда ҳам тавсиянома олиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Тавсиянома бериш бўйича қарорларнинг холислиги учун ҳарбий қисм командири шахсан жавобгар ҳисобланади.

Chat