Вазият: Фуқаро стационарда даволанмоқда ва ундан овқатланиш учун тўлов сўралди. У II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс сифатида овқатланиш учун пул тўлаши керакми?
Жавоб: Йўқ. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар стационарда овқатланиш учун тўловдан озод қилинган имтиёзли тоифаларга киради.
Шунингдек, қонунчиликда болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга қараб турувчи ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчилар, уруш қатнашчилари, ёлғиз пенсионерлар, 18 ёшга тўлмаган болалар, 1 ёшгача боласи бўлган эмизикли оналар ва бошқа белгиланган тоифалар учун ҳам бундай имтиёз назарда тутилган.
Айрим касалликларда, жумладан онкологик, сил, юқумли, эндокрин ва бошқа белгиланган касалликларда ҳам стационар овқатланиши давлат ҳисобидан таъминланади.
Овқатланиш бўйича ушбу имтиёзлар пулли тиббиёт муассасалари, пулли бўлимлар ва пулли палаталарга татбиқ этилмайди.
Вазият: Имтиёзли тоифага кирувчи фуқарога режали стационар даволаниш керак. У хоҳлаган шифохонага бевосита бориб, бепул даволаниши мумкинми?
Жавоб: Йўқ. Режали тиббий ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши учун белгиланган электрон йўлланма тартибига риоя қилиш керак.
Фуқаро тиббиёт муассасасига мурожаат қилади. Тиббий кўрсатмалар ва имтиёзли тартибда даволаниш учун асос мавжуд бўлса, электрон ахборот тизими орқали тегишли йўлланма расмийлаштирилади.
Бемор унга белгиланган тиббий ёрдам даражаси доирасида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган тиббиёт ташкилотини танлаши мумкин.
Режали ёрдам учун тегишли электрон йўлланмасиз тиббиёт ташкилотига бевосита мурожаат қилинса, хизмат пулли асосда кўрсатилиши мумкин. Шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ёрдам бундан мустасно.
Вазият: Ходим иш кунида қон топширди. Шу куни ишга қайтиши шартми?
Жавоб: Қон ва унинг таркибий қисмларини топширган донор тиббий кўрикдан ўтиш ва қон топшириш куни ишдан озод қилинади ва унинг ўртача иш ҳақи сақланади.
Донорга қон топширган кундан кейин яна бир кун қўшимча дам олиш куни берилади ва бу кун учун ҳам ўртача иш ҳақи сақланади. Донор хоҳишига кўра ушбу дам олиш куни йиллик меҳнат таътилига қўшилиши мумкин.
Мунтазам равишда бепул қон топшириб, «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қонунчиликда белгиланган қўшимча имтиёзлар ҳам берилади.
Вазият: Беморга буйрак трансплантацияси керак. Унинг амакиваччаси ёки тоғаваччаси тирик донор бўлишни хоҳлаяпти. Қариндошлик даражаси бунга тўсқинлик қиладими?
Жавоб: Амалдаги қонунда тирик донор бўлиш ҳуқуқи қариндошликнинг муайян 1–4-даражаси билан чекланмаган. Муҳими — донор қонунчиликда белгиланган тиббий ва ҳуқуқий талабларга жавоб бериши лозим.
Тирик донордан аъзо ёки тўқима олиш фақат реципиент саломатлиги манфаатида, тегишли тиббий шартлар мавжуд бўлганда ва донор учун йўл қўйиб бўлмайдиган хавф туғдирмаган ҳолда амалга оширилади.
Тирик донорнинг розилиги ихтиёрий, беғараз ва нотариал тасдиқланган ёзма шаклда бўлиши керак. Донор режалаштирилган операциядан камида 30 кун олдин эҳтимолий асоратлар ҳақида ёзма равишда ва видео қайд орқали хабардор қилиниши шарт.
Вазият: Қандли диабет билан диспансер назоратида турган бемор дори воситаларини ҳар сафар ўз ҳисобидан сотиб олиши керакми?
Жавоб: Йўқ. Қандли диабет ва қандсиз диабет имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминланадиган эндокрин касалликлар қаторига киради.
Тасдиқланган рўйхат доирасида қандли диабет учун турли таъсир давомийлигидаги инсон инсулини ва унинг аналоглари, шунингдек айрим қанд миқдорини пасайтирувчи препаратлар бепул берилиши мумкин.
Дори даволовчи шифокор томонидан тиббий кўрсатма асосида тайинланади; эндокрин касалликларда тегишли препаратни тайинлашда эндокринолог тавсияси талаб қилиниши мумкин.