Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 1902 марта ўқилди

Уй ёки квартирани таъмирлашдан чиққан чиқиндини ким олиб кетади?

Уй-жой қуриш, таъмирлаш ёки бузиш жараёнида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндиларини олиб кетиш учун ҳудудга хизмат кўрсатувчи чиқиндиларни ташишга ихтисослашган ташкилотга буюртма бериш мумкин.

Қурилиш чиқиндиларини олиб кетиш одатдаги режали маиший чиқинди хизматига кирмайди. Улар истеъмолчининг буюртмаси асосида, келишилган ҳолда режадан ташқари ва алоҳида тўлов эвазига олиб кетилади.

Қурилиш чиқиндисига нималар киради?

Қурилиш ишлари, реконструкция, таъмирлаш ва бино ёки иншоотларни бузиш натижасида ҳосил бўлган материаллар қурилиш чиқиндилари ҳисобланади.

Ўлчами 0,75 м³ ҳажмли контейнерга жойлаштириш имконини бермайдиган қурилиш чиқиндилари йирик габаритли чиқиндилар қаторига киради. Бундай чиқиндиларни ташиш учун ағдарма, бортли ёки бошқа мослаштирилган транспорт воситаларидан фойдаланилади.

Хизмат ҳақи қандай белгиланади?

Қурилиш чиқиндиларини режадан ташқари олиб чиқиб кетиш алоҳида тўловли хизмат ҳисобланади. Тўлов миқдори чиқинди ҳажми, транспорт ва хизмат кўрсатиш шартларига мувофиқ белгиланади.

Шу сабабли қурилиш чиқиндиси ҳосил бўлганда хизмат кўрсатувчи ташкилотга мурожаат қилиб, чиқинди ҳажми, манзил, олиб кетиш вақти ва хизмат қийматини келишиб олиш лозим.

Ташкилот ёки тадбиркорнинг қурилиш чиқиндиси қандай олиб кетилади?

Қурилиш, реконструкция, монтаж, таъмирлаш, ободонлаштириш ёки бузиш ишларини амалга ошираётган ташкилотлар учун алоҳида тартиб белгиланган.

Бундай чиқиндилар, аввало, имкони бўлса такрорий фойдаланиш, утилизация қилиш ёки қайта ишлашга йўналтирилади. Бунинг имкони бўлмаса, чиқиндилар тегишли фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорга топширилади ёхуд махсус ажратилган қурилиш чиқиндилари полигонига, бундай полигон мавжуд бўлмаган ҳудудда эса маиший чиқиндилар полигонига жойлаштирилади.

Ташкилот қурилиш чиқиндиларини ўз техник имкониятлари билан олиб чиқиши ёки чиқиндиларни тўплаш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи ташкилот билан шартнома тузиши мумкин.

Эслатма: қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаш мумкин эмас. Улар қонунчиликда белгиланган тартибда олиб кетилиши, қайта ишланиши, утилизация қилиниши ёки тегишли полигонга жойлаштирилиши керак.

Chat