Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 84926 марта ўқилди

Университетнинг асосий вазифалари

Жамоат хавфсизлиги университети жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳаси учун профессионал кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Унинг асосий вазифалари:

— Миллий гвардия, ички ишлар органлари, Қуролли Кучлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар учун кадрлар тайёрлаш;

— тингловчиларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини ошириш;

— ҳуқуқий маданият, ватанпарварлик ва касбий ахлоқни шакллантириш;

— амалиёт билан узвий боғланган замонавий таълимни ташкил этиш;

— жамоат хавфсизлиги соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш;

— кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдан иборат.

Бакалавриат ва магистратура

Университетда бакалавриат ва магистратурадан иборат икки босқичли олий таълим тизими амал қилади.

Бакалавриатда ўқиш:

— кундузги;

— сиртқи шаклда ташкил этилади.

Магистратура 1 йиллик бўлиб, асосан амалий фаолиятга йўналтирилган.

Сиртқи таълим

Сиртқи таълим, биринчи навбатда, Миллий гвардияда камида 3 йиллик ҳарбий хизмат ёки хизмат стажига эга амалдаги ҳарбий хизматчилар ва ходимлар учун мўлжалланган.

Ўқиш муддати:

— олий маълумоти бўлмаганлар учун — 4 йил;

— олий маълумотга эга шахслар учун тўлов-контракт асосида — 3 йил.

Шунингдек, Хавфсизлик кенгаши котибияти томонидан ҳар йили белгиланадиган қўшимча квота асосида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Қуролли Кучларда камида 3 йил хизмат стажига эга ходимлар ҳам сиртқи таълимга контракт асосида қабул қилиниши мумкин.

Қабул квотаси ва танлов

Университетга қабул Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, танлов ва белгиланган квота асосида амалга оширилади.

Бакалавриат бўйича йиллик қабул квотаси:

— кундузги таълимга — 300 нафаргача курсант;

— сиртқи таълимга — 100 нафаргача тингловчи.

Таълим олувчиларга белгиланган тартибда стипендия ёки пул таъминоти ҳамда тегишли моддий таъминот берилади.

Курсант — ҳарбий ёки махсус олий таълим муассасасининг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган шахс.

Битирувчилар ва хизмат

Курсантлар битирув босқичида келгусида хизмат ўтайдиган тузилмалар бўйича тақсимланади. Уларнинг якуний стажировкаси ҳам кейинчалик хизмат ўташи режалаштирилган бўлинмаларда ташкил этилади.

2026 йилдан Жамоат хавфсизлиги университети магистратурасини тамомлаганлик дипломи ҳарбий хизматни ўташда:

— Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг икки йиллик магистратураси;

— Ички ишлар вазирлиги Академиясининг иккинчи даражадаги магистратураси;

— хорижий ҳарбий академияларнинг тегишли дипломларига тенглаштирилган.

Chat