Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 11829 марта ўқилди

Хорижда сайлов участкалари қандай ташкил этилади?

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари ташкил этилиши мумкин.

Хориждаги сайлов участкаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссияси белгилаган тартиб асосида амалга оширилади.

Сайловчилар рўйхатига қандай кириш мумкин?

Хорижда бўлган Ўзбекистон фуқароси дипломатик ёки бошқа ваколатхона ҳузуридаги участка сайлов комиссиясига уни сайловчилар рўйхатига киритиш ҳақида сайловдан 15 кун олдин мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаат:

  • ёзма шаклда;
  • Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

Участка сайлов комиссияси мурожаатдаги шахсга доир маълумотларни текширади ва фуқарони рўйхатга киритиш масаласини ҳал қилади.

Сайловчилар рўйхати билан танишиш

Хориждаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида сайловчилар рўйхати умумий танишиш учун сайловга 3 кун қолганда тақдим этилади.

Сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга 5 кун қолганда тўхтатилади.

Хориждаги фуқароларга рўйхатдаги ўзларига тегишли маълумотлар билан Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик ваколатхоналарнинг расмий веб-сайтлари орқали танишиш имконияти ҳам таъминланади.

Хорижда овоз бериш вақти

Дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу участка жойлашган ҳудуднинг маҳаллий вақти билан соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилади.

Агар сайловчилар рўйхатига киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, бундай сайлов участкасида комиссия овоз бериш тугаганини белгиланган вақтдан олдин ҳам эълон қилиши мумкин.

Хорижда турган жойида овоз бериш

Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари ва тегишли чет давлат ваколатли органлари билан келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари кўп яшайдиган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш сайловчининг турган жойида ташкил этилиши мумкин.

Бундай овоз бериш вақти ва жойи участка сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Овоз бериш комиссиянинг камида 2 нафар аъзоси иштирокида ўтказилади.

Муддатидан олдин овоз бериш

Сайлов куни овоз бериш имконига эга бўлмаган хориждаги сайловчи ҳам умумий тартибда муддатидан олдин овоз бериши мумкин.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганда бошланиб, 3 кун қолганда тугайди.

Эслатма: хорижда доимий ёки вақтинча турганликнинг ўзи сайловда қатнашиш ҳуқуқини бекор қилмайди. Муҳими — сайловчи тегишли сайловчилар рўйхатига киритилган бўлиши керак.

Chat