Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 37766 марта ўқилди

Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» ги қонун лойиҳасининг янги  таҳрири эълон қилинди - Review.uz

Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиши мумкинми?

Ҳа. Виждон эркинлиги — ҳар кимнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича конституциявий ҳуқуқидир.

Шахсни:

  • муайян динга эътиқод қилишга ёки қилмасликка;
  • ибодат, диний расм-русум ва маросимларда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка;
  • диний таълим олишга мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Вояга етмаган шахсни унинг ёки ота-онаси (қонуний вакили)нинг хоҳиш-иродасига зид равишда диний ташкилотга жалб қилиш ҳам мумкин эмас.

Динга муносабатига қараб фуқарони чеклаш мумкинми?

Йўқ. Фуқаролар динга муносабатидан қатъи назар қонун олдида тенг.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон фуқаролари билан тенг равишда виждон ва динга эътиқод қилиш эркинлигидан фойдаланади. Расмий ҳужжатларда шахснинг динга муносабатини кўрсатишга йўл қўйилмайди.

Дин ва давлат ўртасида қандай муносабат мавжуд?

Ўзбекистонда дин давлатдан ажратилган.

Давлат диний ташкилотларнинг қонунга зид бўлмаган фаолиятига аралашмайди, диний ташкилотлар эса давлат вазифаларини бажармайди. Бир дин ёки эътиқодга бошқасига нисбатан имтиёз ёки чеклов белгилаш мумкин эмас.

Миссионерлик ва прозелитизмга қонунчиликда йўл қўйилмайди.

Диний таълим олиш мумкинми?

Ҳар ким қонунда белгиланган тартибда диний таълим муассасасида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга.

Дунёвий таълим тизими диндан ажратилган. Диний таълим муассасаларидан ташқари оддий таълим ташкилотларининг ўқув дастурларига диний фанларни киритишга йўл қўйилмайди.

Маҳаллий диний ташкилотни ким ташкил қилиши мумкин?

Маҳаллий диний ташкилот тегишли туман ёки шаҳарда доимий яшовчи:

  • 18 ёшга тўлган;
  • камида 50 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси ташаббуси билан ташкил этилади.

Диний ташкилотларнинг республика бўйича марказий бошқарув органи эса бир конфессияга мансуб, камида 8 та маъмурий-ҳудудий бирликда рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатаётган маҳаллий диний ташкилотлар томонидан ташкил этилади.

Диний ташкилот қаерда рўйхатдан ўтказилади?

Диний ташкилотлар адлия органлари томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасаларини Адлия вазирлиги, маҳаллий диний ташкилотларни эса Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари рўйхатдан ўтказади. Давлат хизмати электрон тизим орқали кўрсатилади.

Таъсис йиғилиши ўтказилган кундан бошлаб 6 ой ичида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида электрон мурожаат юборилиши лозим.

Эслатма: виждон эркинлиги шахснинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ҳуқуқини ҳам, умуман ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини ҳам бир хил ҳимоя қилади.

Chat