Давлат гранти — ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун фуқаролик жамияти институтларига танлов асосида бериладиган пул маблағлари ва моддий ресурслар.
Грантлар республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар бюджетлари, Тошкент шаҳар бюджети ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ажратилиши мумкин.
Давлат грантлари Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ва унинг алоҳида бўлинмалари орқали ажратилади.
Жамоат фонди давлат грантларини тақсимлаш мақсадида грант танловларини ташкил этади. Ижтимоий фойдали мақсадларга қаратилган лойиҳаларни тақдим этган фуқаролик жамияти институтлари танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Танловга тақдим этилган лойиҳаларни кўриб чиқиш ва ғолибларни аниқлаш Парламент комиссияси томонидан амалга оширилади.
Грант ажратиш тўғрисида қарор қабул қилингач, грант берувчи ва грант олувчи ўртасида тегишли шартнома тузилади.
Фуқаролик жамияти институтларига давлат грантларини ажратиш тартиби ва шартлари Олий Мажлис палаталари томонидан белгиланади.