Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 29853 марта ўқилди

Бола қачон туғилганлик бўйича Ўзбекистон фуқаролигини олади?

Бола туғилган жойидан қатъи назар Ўзбекистон фуқаролигини олади, агар туғилган пайтда:

  • ота-онасининг ҳар иккиси ёки ёлғиз отаси ёхуд онаси Ўзбекистон фуқароси бўлса;
  • ота-онасидан бири Ўзбекистон фуқароси, иккинчиси фуқаролиги бўлмаган шахс бўлса;
  • ота-онасидан бири Ўзбекистон фуқароси, иккинчиси чет давлат фуқароси бўлса;
  • ота-онасидан бири Ўзбекистон фуқароси, иккинчиси бедарак йўқолган деб топилган ёки унинг турган жойи номаълум бўлса.

Ўзбекистон ҳудудида туғилган, ота-онаси фуқаролиги бўлмаган шахслар бўлган бола ҳам Ўзбекистон фуқаролигини олади.

Ўзбекистон ҳудудида турган ва ота-онаси номаълум бўлган бола Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади.

Бола — 18 ёшга тўлмаган шахс.

Туғилганлик бўйича фуқаролик — боланинг ота-онаси фуқаролиги ва қонунда белгиланган бошқа ҳолатлар асосида фуқаролик олиши.

Фуқаролиги бўлмаган шахс — бирор давлат фуқаролигига мансублигини тасдиқловчи далилга эга бўлмаган шахс.

Боланинг фуқаролигини қайси ҳужжат тасдиқлайди?

16 ёшга тўлмаган боланинг Ўзбекистон фуқаролигини:

  • туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки маълумотнома;
  • ота-онасидан бирининг Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқловчи паспорти, ID-картаси ёки бошқа ҳужжати тасдиқлайди.

Агар бола Ўзбекистонда туғилган ва ота-онаси фуқаролиги бўлмаган шахслар бўлса, уларнинг Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари ҳам кўрсатилади.

Ота-она фуқаролиги ўзгарса нима бўлади?

14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси ёки ёлғиз отаси ёхуд онаси Ўзбекистон фуқаролигини олса ёки ундан чиқса, боланинг фуқаролиги ҳам ўзгариши мумкин.

Агар ота-онадан бири Ўзбекистон фуқаролигини олса:

  • иккинчи ота-она чет давлат фуқароси бўлса, бола фуқаролик олаётган ота ёки онанинг илтимосномаси асосида Ўзбекистон фуқаролигини олиши мумкин;
  • иккинчи ота-она фуқаролиги бўлмаган шахс бўлса, Ўзбекистонда яшаётган бола Ўзбекистон фуқаролигини олади.

Агар ота-онадан бири Ўзбекистон фуқаролигидан чиқса, иккинчиси эса Ўзбекистон фуқароси бўлиб қолса, бола Ўзбекистон фуқаролигини сақлаб қолади.

Муҳим: бола фуқаролиги ўзгариши натижасида фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиб қолишига йўл қўйилмайди.

Бола фарзандликка олинса

Чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган бола:

  • Ўзбекистон фуқаролари томонидан фарзандликка олинса;
  • бири Ўзбекистон фуқароси, иккинчиси фуқаролиги бўлмаган шахс бўлган эр-хотин томонидан фарзандликка олинса,

Ўзбекистон фуқаролигини олади.

Агар фарзандликка олувчилардан бири Ўзбекистон фуқароси, иккинчиси чет давлат фуқароси бўлса, бола уларнинг ўзаро келишувига кўра Ўзбекистон фуқаролигини олади.

Боланинг розилиги қачон керак?

Ота-онасининг фуқаролиги ўзгарганда ёки бола фарзандликка олинганда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган боланинг фуқаролиги фақат унинг ёзма розилиги билан ўзгартирилади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ота ёки онанинг фуқаролиги ўзгариши боланинг фуқаролигига таъсир қилмайди. Бундай ота-онанинг розилиги ҳам талаб қилинмайди.

Chat