Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 16686 марта ўқилди

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - расмий хабарлар, тезкор янгиликлар,  таҳлилий-танқидий материаллар, қонун ҳужжатлари, фото ва видеорепортажлар

Кимлар кўкрак нишони билан тақдирланиши мумкин?

«Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва табиатни асраш соҳасида салмоқли натижаларга эришган шахсларни рағбатлантириш учун таъсис этилган.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар ҳам белгиланган тартибда тақдирланиши мумкин.

Номзодни ким ва қачон тақдим этади?

Номзодлар:

  • вазирлик ва идоралар;
  • маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари;
  • нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳар йили 1 майга қадар тақдим этилади.

Экология соҳасидаги амалдаги ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси. Қўмита 2025 йилдаги қайта ташкил этиш натижасида тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича ҳуқуқий ворис сифатида белгиланган.

Номзод бўйича қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Номзод учун:

  • маълумотнома-объективка;
  • шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
  • унинг сўнгги 3 йил давомида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолияти ҳамда эришган натижаларини тавсифловчи маълумот тақдим этилади.

Номзодлар қандай баҳоланади?

Номзодларни кўриб чиқиш учун 5 нафардан иборат комиссия тузилади. Комиссия тақдим этилган ҳужжатлар ва номзоднинг соҳадаги натижаларини ўрганиб, ҳар йили 15 майга қадар якуний хулоса қабул қилади.

Тақдирлаш тўғрисидаги буйруқ 1 июнга қадар қабул қилинади. Кўкрак нишони, қоида тариқасида, 5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳит куни арафасида ёки шу муносабат билан тантанали равишда топширилади.

Алоҳида ҳолларда белгиланган муддатлардан ташқари ҳам кўкрак нишони билан тақдирлаш мумкин.

Кўкрак нишони билан бирга пул мукофоти бериладими?

Ҳа. Кўкрак нишони билан тақдирланган шахсга 4 БҲМ миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.

Бир шахс «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан бир марта тақдирланади.

2026 йилда кимлар учун янги механизмлар белгиланди?

«Яшил тадбиркор» мақомини олиш бўйича танлов доирасида белгиланган юқори натижаларга эришган тадбиркорлик субъектларининг 10 нафар вакили «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирлаш учун тавсия этилади.

Шунингдек, 2026 йилги Давлат дастурида электромобилда такси хизматини кўрсатувчи ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун алоҳида рағбатлантириш механизми белгиланган. Такси хизматини 1 миллион километр давомида қоидабузарлик ва йўл-транспорт ҳодисасисиз амалга оширган фуқароларни «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирлаш амалиётини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Эслатма: «Яшил тадбиркор» бўйича белгиланган мезонга эришиш номзодни кўкрак нишонига тавсия этиш учун асос бўлади. Якуний тақдирлаш белгиланган расмий тартибда амалга оширилади.

Chat