Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 31047 марта ўқилди

Кимларга контракт қоплаб берилади

Давлат олий таълим ташкилотларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таҳсил олаётган хотин-қизлар учун бир ўқув йилига белгиланган контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Тартиб, шунингдек:

— Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси;

— Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси;

— Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби;

— Банк-молия академияси магистратурасида контракт асосида ўқиётган хотин-қизларга ҳам татбиқ этилади.

Қанча маблағ қопланади

Талабгорнинг ўқув йили учун белгиланган оддий тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси бюджетдан қопланади ва ушбу маблағни кейинчалик қайтариш талаб этилмайди.

Табақалаштирилган тўлов-контракт суммалари ушбу тартиб бўйича қопланмайди.

Табақалаштирилган тўлов-контракт — қонунчиликда белгиланган ҳолларда базавий контрактдан юқори миқдорда белгиланадиган тўлов.

Ариза бериш тартиби

Талаба ўзи таълим олаётган ОТМ ректори ёки филиал директори номига 15 сентябрга қадар ариза беради.

Ушбу муддатдан кейин берилган аризалар кўриб чиқилмайди.

ОТМ аризаларни 3 иш куни ичида кўриб чиқади ва умумлаштиради. Шундан кейин талабгорлар рўйхати тегишли вазирлик ёки идорага юборилади.

Қоплаб бериладиган маблағлар белгиланган тартибда ОТМнинг тегишли ғазна ҳисобварағига ўтказилади.

Кимларга татбиқ этилмайди

2026 йил июндан ушбу тартиб Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида умумий ўрта таълим ташкилотларининг олий малака тоифасига эга ўқитувчилари учун мақсадли ташкил этилган магистратура талабаларига татбиқ этилмайди.

Бошқа давлат ОТМларида контракт асосида магистратурада ўқиётган хотин-қизлар учун умумий имтиёз сақланади.

Chat