Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13902 марта ўқилди

Компенсация кимларга тўланади?

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этаётган кўчабоши ва уйбошиларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича ҳар ойлик компенсация берилиши мумкин.

Компенсация миқдори ҳар ой БҲМнинг 50 фоизини ташкил этади. Маблағлар маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан тўланади.

Компенсация олиш учун қандай талаблар бор?

Кўчабоши ёки уйбошининг фаолияти ҳар чоракда фуқаролар йиғини кенгаши томонидан белгиланган мезонлар асосида баҳоланади.

Бунда шахс:

  • бириктирилган кўча ёки уйда камида 3 ой фаолият юритган бўлиши;
  • баҳолаш натижасида 70 баллдан юқори балл тўплаши керак. Ушбу шартларга жавоб берган кўчабоши ва уйбошилар компенсация олиш учун тавсия этилади.

Фаолият қандай баҳоланади?

Баҳолашда, жумладан:

  • кўча ва кўп квартирали уйлар атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;
  • аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш бўйича таклифлар киритиш;
  • ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган ва қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш;
  • электр энергияси, газ ва сувдан тежамли фойдаланишни тарғиб қилиш;
  • тўй, маросим ва бошқа тадбирларни белгиланган тартибда ўтказишга кўмаклашиш;
  • ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш;
  • маҳалла қарорларининг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш каби ишлар ҳисобга олинади.

Компенсация қачон тўхтатилади?

Агар кўчабоши ёки уйбоши маҳалла фаолиятида фаол иштирок этмай қўйса, компенсацияни тўлаш муддатидан олдин тўхтатилиши мумкин. Бу масала фуқаролар йиғини кенгашида муҳокама қилинади.

Компенсация олувчи шахс вафот этган тақдирда ҳам тўлов тўхтатилади. Тасдиқланган компенсация маблағлари белгиланган тартибда банк картаси орқали тўланади.

Chat