Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4855 марта ўқилди

Профессия Адвокат: кто это, зарплата, где учиться и работать

Ким адвокат бўлиши мумкин?

Ўзбекистонда:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган;
  • олий юридик маълумотга эга;
  • адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган шахс адвокат бўлиши мумкин.

Муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс адвокатлик фаолияти билан шуғуллана олмайди.

Адвокат бўлиш учун стажировка шартми?

Қоида тариқасида, талабгор адвокатлик тузилмасида камида 3 ой стажировка ўташи ва малака имтиҳонини топшириши керак.

Бироқ қуйидаги лавозимларда юридик мутахассислик бўйича камида 3 йил иш стажига эга шахслар стажировкадан ўтмасдан малака имтиҳонида иштирок этиши мумкин:

  • давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат муассаса ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари;
  • судьялар;
  • терговчилар;
  • суриштирувчилар;
  • прокурорлар.

Малака имтиҳонидан ўта олмаган талабгор уни қайта топширишга камида 6 ойдан кейин қўйилади.

Лицензия қандай олинади?

Малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор лицензия олиш учун 3 ой ичида мурожаат қилиши керак.

Ариза «Лицензия» ахборот тизими ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда берилади. Аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 50 фоизи, лицензия берилганда эса 1 БҲМ миқдорида давлат божи ундирилади. Аризани кўриб чиқиш муддати — 10 иш куни.

Лицензия чекланмаган муддатга берилади ва Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида амал қилади.

Қачон шахс адвокат мақомини олади?

Лицензия олган талабгор 3 ой ичида адвокат қасамёдини қабул қилиши ҳамда адвокатлик тузилмасини ташкил этиши ёки фаолият кўрсатаётган адвокатлик тузилмасига кириши керак.

Тегишли ҳужжатлар адлия органига келиб тушгандан кейин адвокатлик гувоҳномаси 2 иш куни ичида берилади.

Шахс айнан адвокатлик гувоҳномаси берилган кундан адвокат мақомини олади ва Адвокатлар палатасининг аъзоси бўлади.

Адвокат бошқа ҳақ тўланадиган ишда ишлаши мумкинми?

Адвокатга, қоида тариқасида, бошқа ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланишга йўл қўйилмайди. Аммо қонунда қуйидаги истиснолар белгиланган:

  • илмий ва педагогик фаолият;
  • Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолият;
  • патент вакили ёки медиаторлик;
  • шартнома асосида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат муассаса ва ташкилотларининг юридик хизматида ишлаш;
  • ҳакамлик суди ёки халқаро тижорат арбитражида судьялик;
  • тегишли ихтисосликда лицензияси бўлса, суд бошқарувчиси сифатида фаолият юритиш.

Эслатма: олий юридик маълумотнинг ўзи адвокат сифатида ишлаш ҳуқуқини бермайди. Талабгор қонунда белгиланган малака жараёнидан ўтиши, лицензия ва адвокатлик гувоҳномасини олиши керак.

Chat