Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10470 марта ўқилди

Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади

Кам таъминланган шахсларга қайси ишлар бўйича ёрдам берилади?

Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам, аввало, қонунда аниқ белгиланган ишлар бўйича кўрсатилади.

Улар қаторига:

  • муайян ишда қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги масала бўйича Конституциявий судга мурожаат қилиш;
  • ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш;
  • ишга тиклаш;
  • иш ҳақини ундириш;
  • алимент ундириш;
  • уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва кўчириш;
  • меҳнатда майиб бўлиш, соғлиққа бошқача шикаст етказилиши ёки боқувчининг вафоти туфайли етказилган зарарни қоплаш;
  • терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура ёки суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари натижасида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ ишлар киради.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларида ҳам адвокат бериладими?

Кам таъминланган шахсга давлат ҳисобидан юридик ёрдам маъмурий ҳуқуқбузарлик учун маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган ҳолларда кўрсатилади.

Демак, ҳар қандай маъмурий жарима ёки қоидабузарлик иши автоматик равишда давлат ҳисобидан адвокат олиш ҳуқуқини бермайди.

Психиатрия ёрдами билан боғлиқ қайси ҳолатлар қамраб олинади?

Руҳий ҳолати бузилган шахсга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда давлат ҳисобидан юридик ёрдам:

  • ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация қилиш;
  • тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш;
  • жиноят, фуқаролик ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича суд-психиатрия экспертизасини ўтказиш билан боғлиқ ҳолатларда кўрсатилади.

Гендер тенглиги бузилганда қайси ишлар қамраб олинади?

Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги юзасидан судга мурожаат қилинганда давлат ҳисобидан юридик ёрдам, жумладан:

  • давлат фуқаролик хизмати;
  • сайлов ҳуқуқлари;
  • иқтисодиёт ва тадбиркорлик;
  • меҳнат муносабатлари;
  • ижтимоий ҳимоя;
  • оилавий муносабатлар ва болалар тарбияси;
  • таълим, илм-фан, маданият ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги тенг ҳуқуқ ва имкониятлар билан боғлиқ ишлар бўйича кўрсатилади.

Жиноят ишларида қандай тартиб амал қилади?

Жиноят ишида давлат ҳисобидан юридик ёрдам Жиноят-процессуал кодексда белгиланган тартибда кўрсатилади.

Агар қонунга кўра ҳимоячининг иштироки мажбурий бўлса, адвокат тайинлаш шахснинг тегишли ижтимоий реестрда ҳисобда туриши ёки турмаслигидан қатъи назар амалга оширилади.

Эслатма: давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқи фақат шахснинг тоифасига эмас, балки ишнинг тури ва мазмунига ҳам боғлиқ.

Chat