
Иш ҳақидан қанча ушлаб қолиниши мумкин?
Ижро ҳужжати бўйича қарз ундирилаётганда иш ҳақидан ушлаб қолинадиган сумма солиқлар ушлаб қолингандан кейин қолган маблағдан ҳисобланади.
Умумий қоидага кўра, қарз тўлиқ узилгунга қадар иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг кўпи билан 50 фоизи ушлаб қолиниши мумкин.
Агар бир вақтнинг ўзида бир нечта ижро ҳужжати бўйича ундирув амалга оширилса ҳам, одатда ходимда иш ҳақининг камида 50 фоизи сақланиши керак.
Қачон 70 фоизгача ушлаб қолиш мумкин?
2025 йил 19 августдан умумий 50 фоизлик чеклов қуйидаги ҳолатларга татбиқ этилмайди:
- алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ундиришда;
- ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишда.
Бундай ҳолларда жами ушлаб қолиш ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг 70 фоизидан ошиши мумкин эмас.
Эслатма: оддий алимент тўлови билан алимент бўйича тўпланиб қолган қарздорликни фарқлаш муҳим. 70 фоизгача бўлган махсус чеклов айнан қонунда назарда тутилган ҳолатларга нисбатан қўлланади.
Қайси тўловларга умуман ундирув қаратиб бўлмайди?
Қонун айрим мақсадли ва ижтимоий аҳамиятга эга тўловларни қарз ундиришдан ҳимоя қилади.
Ундирув қуйидаги маблағларга қаратилмайди:
- майиб бўлиш ёки соғлиққа бошқача шикаст етказилиши муносабати билан зарарни қоплаш учун тўланадиган суммалар;
- боқувчининг вафоти сабабли кўрилган зарарни қоплаш суммалари;
- хизмат вазифасини бажариш чоғида майиб бўлган, яраланган, шикастланган ёки контузия олган шахсларга, шунингдек улар вафот этганда оила аъзоларига тўланадиган суммалар;
- бола туғилганлиги муносабати билан тўланадиган суммалар;
- алимент мажбуриятлари бўйича шахснинг ўзига тўланадиган алимент маблағлари;
- меҳнат шароити ноқулай ёки ўзига хос ишлар учун тўловлар, радиация таъсирига учраган шахсларга ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолатларда тўланадиган маблағлар;
- ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси;
- дафн этиш нафақаси;
- қисман ҳақ тўланадиган таътил даврида бола парвариши учун тўловлар;
- бола туғилиши, қариндош вафоти ёки никоҳ тузилиши муносабати билан иш берувчи тўлайдиган маблағлар;
- хизмат сафари, бошқа жойга ишга ўтиш, ишга қабул қилиниши ёки юборилиши муносабати билан тўланадиган суммалар;
- меҳнат муносабатлари бекор қилинганда тўланадиган ишдан бўшатиш нафақаси.
Ижтимоий суғурта ва ишсизлик нафақасидан ундириш мумкинми?
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича ижтимоий суғурта нафақаси ва ишсизлик нафақасига ҳар қандай қарз бўйича ундирув қаратилавермайди.
Бундай нафақалардан ундирув фақат суд қарори асосида:
- алимент ундириш;
- майиб бўлиш ёки соғлиққа бошқача шикаст етказилиши сабабли зарарни қоплаш;
- боқувчининг вафоти билан боғлиқ зарарни қоплаш бўйича амалга оширилиши мумкин.
Бухгалтерия ушлаб қолишни қандай амалга оширади?
Иш берувчи ёки ходимга иш ҳақи тўлаётган бошқа ташкилот ижро ҳужжатидаги талабга мувофиқ тегишли суммани ушлаб қолади ва белгиланган тартибда ўтказади.
Давлат ижрочиси ундирувчининг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси билан:
- маблағ тўғри ушлаб қолинганини;
- ўз вақтида ўтказилганини;
- ҳисоб ва сақлаш талабларига риоя қилинганини текшириши мумкин. Ташкилот бундай текширувда зарур бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни тақдим этиши шарт.