Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Устозга эҳтиром: Урал Муҳаммадиев 70 ёшда!

  • 16.11.2026
  • 97 марта ўқилди

Бугун, 16 ноябрь куни Тошкент шаҳар Яшнобод туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси, «Мадад» ННТ жамоасида юксак ҳурмат ва эҳтиром қозонган фидойи ходим, қадрли устозимиз Муҳаммадиев Урал Лафасович ўзларининг қутлуғ 70 ёшларини қарши олдилар.


Етмиш ёш — бой ҳаётий тажриба, самарали меҳнат, эл ҳурмати ва шогирдлар эъзози билан безалган муборак довон. Бу ёшнинг файзу ҳикмати, айниқса, ўз билим ва тажрибасини ёш авлод билан баҳам кўриб, уларга ҳаёт ва касб йўлида устозлик қилиб келаётган инсонлар тимсолида янада ёрқин намоён бўлади.

Урал Лафасович ҳам ўзларининг кўп йиллик меҳнат фаолияти, бой касбий тажрибаси, самимийлиги ва инсоний фазилатлари билан ҳамкасблари ҳамда шогирдлари орасида алоҳида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган устозларимиздан биридир.

Ҳурматли Урал Лафасович!

Сизни ушбу қутлуғ сана — 70 ёшлик юбилейингиз билан «Мадад» ННТ жамоаси номидан чин қалбимиздан самимий муборакбод этамиз!

Сизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ ва баракали умр, оилавий бахт-хотиржамлик, фарзандлар ва набиралар камолини кўриб, яқинларингиз ардоғида саодатли ҳаёт кечиришингизни тилаймиз.

Билим ва тажрибангизни ёш авлодга етказиш, шогирдлар тарбиялашдек шарафли фаолиятингизда куч-ғайрат ва илҳом Сизни ҳеч қачон тарк этмасин. Ҳар бир кунингиз эзгулик, меҳр-оқибат ва қувончли лаҳзаларга бой бўлсин!

Қутлуғ 70 ёшингиз муборак бўлсин, азиз устоз!

Ҳурмат ва эҳтиром билан, «Мадад» ННТ жамоаси.

Chat