Адлия вазирлиги дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган тоифаларга ажратиш тартибига киритилган ўзгартишларни 2026 йил 12 ноябрда 3430-2-сон билан давлат рўйхатидан ўтказди.
Дорининг тоифаси уни давлат рўйхатидан ўтказиш, рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини ўзгартириш ёки гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш жараёнида белгиланади.
Рецептсиз бериладиган тоифага киритишда, жумладан, қуйидагилар баҳоланади:
дорини тиббиёт ходимининг доимий кузатувисиз хавфсиз қўллаш имконияти;
руҳий ва жисмоний қарамлик келтириб чиқармаслиги;
нотўғри қўллаш, дозани ошириш ва узоқ қабул қилиш хавфининг пастлиги;
йўриқномадаги маълумотларнинг аниқ, тўлиқ ва истеъмолчи учун тушунарли бўлиши;
фармаконазорат ва сотувга чиқарилгандан кейинги кузатув натижалари.
Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эътироф этган хорижий тартибга солувчи органлар томонидан дорининг рецептсиз тоифага киритилгани ҳақидаги маълумотлар ҳисобга олинади.
Икки ёки ундан ортиқ фаол моддали препарат ҳам рецептсиз тоифага киритилиши мумкин. Бунда ҳар бир фаол модда алоҳида рецептсиз бериладиган бўлиши лозим.
Моддаларни биргаликда қўллаш клиник ва илмий далиллар билан асосланиши, фойда–хавф нисбати ижобий, ўзаро таъсир ва нотўғри қўллаш хавфи эса паст бўлиши талаб этилади.
Рецептсиз тоифага ўтказиш рад этилса, рад этиш сабаблари бартараф этилганида ёки хавфсизлик ва самарадорликка оид янги маълумотлар пайдо бўлганида ариза берувчи қайта мурожаат қилиши мумкин.
Ваколатли орган ҳам янги маълумотлар, кузатув натижалари ёки қонунчиликдаги ўзгаришлар асосида дорининг тоифасини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.
Расмий манба: Lex.uz — 3430-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруқ.