Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Мирзачўлда оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий-маърифий тадбир ўтказилди

  • 25.11.2026
  • 52 марта ўқилди

«Мадад» нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан Мирзачўл тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда давлат ижтимоий буюртмаси асосида оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда.


2026 йил 19 ноябрь куни мазкур лойиҳа доирасида аҳоли вакиллари, ёш оилалар, никоҳ қуриш арафасида турган ёшлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида ҳуқуқий-маърифий тадбир ташкил этилди.

 

Тадбирда:

  • О. Умаров — «Мадад» ННТнинг Ҳуқуқий маслаҳат бюролари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси;

  • Д. Музаффарова — Онлайн маслаҳатлар бериш, процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш бўлими етакчи мутахассиси;

  • Ш. Жангибоев — Жиззах вилояти адлия бошқармасининг ННТлар билан ишлаш бўлими бошлиғи;

  • Ш. Джанибеков — Дўстлик тумани ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси;

  • И. Ташбаев — Зомин тумани ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси иштирок этди.

 

Тадбир давомида никоҳ тузиш ва уни бекор қилиш тартиби, эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, алимент муносабатлари, хотин-қизлар ҳамда вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Лойиҳанинг устувор мақсадларидан бири — «ҳуқуқий ёрдамга муҳтож оилаларга амалий кўмак кўрсатиш»дан иборат.

Шунингдек, оилавий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, медиация институтидан фойдаланиш, оилада ўзаро ҳурмат ва масъулиятни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Иштирокчиларга «Мадад» ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари ва Advice.uz ҳуқуқий ахборот портали орқали бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Лойиҳа доирасида:

  • 6 та маҳаллада ҳуқуқий-маърифий тадбирлар ташкил этиш;

  • камида 300 нафар фуқарони қамраб олиш;

  • 1 000 дона буклет ва 1 000 дона флаер чоп этиб, аҳоли ўртасида тарқатиш режалаштирилган.

 

Мустаҳкам оила — барқарор жамият пойдевори!

Айни вақтда лойиҳа доирасида ҳуқуқий-маърифий тадбирлар ўтказиш ва аҳолига манзилли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда.

Chat