Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 452798 марта ўқилди

ID-карта нима?

ID-карта Ўзбекистон ҳудудида унинг эгасининг шахсини ва Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатдир.

Унинг электрон чипига шахснинг биографик ва биометрик маълумотлари киритилади.

ID-карта — шахсни ва Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқловчи электрон чипли ҳужжат.

Маълумотларни йиғиш пункти — ички ишлар органининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси ёки Давлат хизматлари маркази.

Биометрик маълумотлар — шахснинг рақамли сурати, бармоқ излари ва уни аниқлаш имконини берувчи бошқа маълумотлар.

ID-карта қачон расмийлаштирилади?

ID-карта қуйидаги ҳолларда берилади ёки алмаштирилади:

  • болага туғилганидан 16 ёшгача — ота-онаси ёки васийсининг хоҳишига кўра;
  • фуқаро 16 ёшга тўлганда;
  • шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинганда ёки фуқаро деб тан олинганда;
  • ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганда;
  • фамилия, исм, ота исми, миллат, туғилган сана ёки жинс ўзгарганда;
  • маълумотларда хато ёки техник нуқсон аниқланганда;
  • ID-карта ёки унинг чипи яроқсиз ҳолга келганда;
  • ID-карта йўқолганда;
  • ҳужжат ашёвий далил сифатида олиб қўйилганда.

ID-карта қанча муддатга берилади?

ID-карта:

  • бир ёшгача бўлган болага — 2 йилга;
  • 1 ёшдан 16 ёшгача бўлган болага — 5 йилга;
  • 16 ёшдан бошлаб — 10 йилга берилади.

Болага 16 ёшгача ID-карта олиш мажбурий эмас. У ота-она ёки васийнинг хоҳишига кўра расмийлаштирилади.

Қаерга мурожаат қилинади?

Фуқаро ID-картани олиш ёки алмаштириш учун ўзига қулай бўлган:

  • ички ишлар органининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига;
  • Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиши мумкин.

ЯИДХП орқали электрон навбат олиш ва тўловни онлайн амалга ошириш имконияти ҳам мавжуд.

Қандай ҳужжатлар керак?

Қуйидагилар тақдим этилади:

  • белгиланган шаклдаги ариза-анкета;
  • аввал берилган паспорт ёки ID-карта;
  • ID-карта биринчи марта олинаётганда — туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома;
  • ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилган бўлса — ваколатли орган қарори;
  • давлат божи тўланганлиги ҳақидаги маълумот.

Шахсий маълумотлар ўзгарган ёки ҳужжатда хато аниқланган бўлса, бу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам тақдим этилади.

Расмийлаштириш муддати

Ҳужжатлар тўлиқ қабул қилингач, ID-карта 1 иш куни ичида берилади.

ID-карта йўқолганда ҳам янги карта йўқолганлик ҳақидаги ариза келиб тушганидан кейин 1 иш куни ичида расмийлаштирилади.

Қачон мурожаат қилиш шарт?

Фуқаро:

  • 16 ёшга тўлганда;
  • ID-карта муддати тугаганда;
  • фамилияси, исми, ота исми, туғилган йили ёки миллати ўзгарганда

бир ой ичида янги ID-карта олиш учун мурожаат қилиши керак.

Уйга бориб хизмат кўрсатиладими?

Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар, соғлиғи туфайли мустақил ҳаракатлана олмайдиган ва ногиронлиги бўлган шахслар шахсан ёки қонуний вакили орқали мурожаат қилиши мумкин.

Масъул ходим 15 кун ичида уларнинг яшаш манзилига бориб, ID-картани расмийлаштиради ва беради. Бунинг учун қўшимча ҳақ ундирилмайди.

Эски биометрик паспорт амал қиладими?

2011 йил намунасидаги амалдаги биометрик паспортлар 2030 йил 31 декабргача амал қилади.

Улар 2031 йил 1 январдан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Муҳим: ID-карта Ўзбекистон ҳудудида шахсни тасдиқлайди. Хорижга чиқиш учун алоҳида биометрик хорижга чиқиш паспорти талаб этилади.

Chat