Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 16520 марта ўқилди

Ҳаракатланиш ҳужжати нима?

Ҳаракатланиш ҳужжати — Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг:

  • хорижда шахсини тасдиқловчи;
  • Ўзбекистондан чиқиши;
  • хориждан Ўзбекистонга қайтиши учун хизмат қилувчи биометрик ҳужжат.

Фуқаролиги бўлмаган шахс — бирор давлат фуқаролигига мансублигини тасдиқловчи далилга эга бўлмаган шахс.

Ҳаракатланиш ҳужжати — фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижий сафарлари учун бериладиган биометрик ҳужжат.

Биометрик маълумотлар — шахсни аниқлашга хизмат қилувчи рақамли сурат, бармоқ излари ва бошқа маълумотлар.

Қаерга мурожаат қилинади?

Шахс ҳаракатланиш ҳужжатини олиш учун яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилган ҳудуддаги маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилади.

Вояга етмаган шахс номидан унинг ота-онаси, васийси ёки ҳомийси мурожаат қилади.

Қандай ҳужжатлар керак?

Қоида тариқасида:

  • белгиланган шаклдаги ариза-анкета;
  • фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси;
  • биринчи марта расмийлаштиришда туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома;
  • аввал берилган ҳаракатланиш ҳужжати;
  • шахсий маълумотлар ўзгарган бўлса, тасдиқловчи ҳужжат;
  • давлат божи тўланганлиги ҳақидаги маълумот тақдим этилади.

Қанча муддатга берилади?

Ҳаракатланиш ҳужжати:

  • бир ёшга тўлмаган болага — 2 йилга;
  • бошқа фуқаролиги бўлмаган шахсларга — 5 йилга берилади.

Агар ID-картанинг амал қилиш муддати бундан олдин тугаса, ҳаракатланиш ҳужжати ҳам ID-карта муддатидан ошмаган даврга берилади.

Қачон алмаштирилади?

Ҳужжат:

  • амал қилиш муддати тугаганда;
  • фамилия, исм, туғилган сана ёки бошқа маълумотлар ўзгарганда;
  • саҳифалари тугаганда;
  • яроқсиз ҳолга келганда;
  • йўқолганда алмаштирилади.

Амал қилиш муддати тугаган ҳужжат маълумотларни йиғиш пунктига топширилиши лозим.

Ҳужжат йўқолса

Ҳаракатланиш ҳужжати Ўзбекистонда йўқолса, ички ишлар органига зудлик билан хабар бериш керак.

Хорижда йўқолса, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига мурожаат қилинади.

Муҳим: ҳаракатланиш ҳужжати Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқламайди. У фақат фуқаролиги бўлмаган шахснинг хориждаги шахсини ва сафар қилиш ҳуқуқини тасдиқлайди.

Chat