Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 440802 марта ўқилди

Қандай тўловлар мавжуд?

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга уларнинг таркиби ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатига қараб:

  • болалар нафақаси;
  • ёки моддий ёрдам тайинланиши мумкин.

Ижтимоий реестр — оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш ва уларни қўллаб-қувватлаш чораларини белгилашга хизмат қилувчи ахборот тизими.

Болалар нафақаси — энг кичик ёки ягона фарзанди 18 ёшга тўлмаган оилага болалар сонидан келиб чиқиб тўланадиган нафақа.

Моддий ёрдам — боласи бўлмаган, барча болалари 18 ёшдан ошган оилалар ва якка-ёлғиз фуқароларга тайинланадиган тўлов.

Кимга қайси тўлов берилади?

Болалар нафақаси энг кичик ёки ягона фарзанди 18 ёшга тўлмаган оилага тайинланади.

Моддий ёрдам:

  • боласи бўлмаган оилаларга;
  • барча фарзандлари 18 ёшдан ошган оилаларга;
  • якка-ёлғиз фуқароларга тайинланади.

Бир оилага болалар нафақаси ва моддий ёрдамни бир вақтнинг ўзида тўлаш мумкин эмас.

Қаерга мурожаат қилинади?

Аризани:

  • яшаш жойига бириктирилган ижтимоий ходим орқали;
  • ЯИДХП — my.gov.uz орқали;
  • «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали;
  • белгиланган бошқа электрон ахборот тизимлари орқали бериш мумкин.

Оила Ижтимоий реестрга киритилмаган бўлса, нафақа ёки моддий ёрдам учун ариза билан бир вақтда оилани Реестрга киритиш аризаси ҳам расмийлаштирилади.

Оиланинг ҳолати қандай ўрганилади?

Оила ҳақидаги маълумотлар давлат ахборот тизимлари орқали дастлабки баҳоланади.

Зарур ҳолларда ижтимоий ходим:

  • хонадонга боради;
  • оила таркиби ва даромадларини ўрганади;
  • мол-мулк, транспорт, ер, чорва ва бандлик ҳолати ҳақида электрон сўровнома тўлдиради.

Ариза ва баҳолаш натижалари ҳақида фуқарога СМС-хабар юборилади.

Тўлов қачон бошланади?

Нафақа ёки моддий ёрдам ариза кўриб чиқилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан тўланади.

Тўлов маблағи ариза берувчининг:

  • банк картасига;
  • ёки ижтимоий картасига ўтказилади.

Оиланинг даромади ошса

Оила «давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига ўтказилса, тўлов қўшимча аризасиз давом эттирилиши мумкин.

Бунда оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган даромадга қараб нафақа ёки моддий ёрдам белгиланган миқдорнинг:

  • 75 фоизи;
  • ёки 50 фоизи миқдорида тўланиши мумкин.

Муҳим: ариза берилганининг ўзи тўлов автоматик тайинланишини англатмайди. Оиланинг даромади, мол-мулки, бандлиги ва бошқа ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари баҳоланади.

Chat