Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 51403 марта ўқилди

Кимлар бакалавриатга ҳужжат топшириши мумкин

Бакалавриатга:

11 йиллик умумий ўрта таълимни тамомлаганлар;

— ўрта махсус таълимни тамомлаганлар;

— бошланғич касбий таълим олганлар;

— 2020 йил 24 сентябрга қадар амал қилган тизим бўйича ўрта махсус ёки касб-ҳунар таълими ҳақида тегишли ҳужжатга эга шахслар ҳужжат топшириши мумкин.

Қабул давлат гранти ва тўлов-контракт асосида танлов ва тўпланган баллар рейтинги бўйича амалга оширилади.

Рўйхатдан ўтиш

Қабул икки босқичда ўтказилади.

Биринчи босқичда — 5 июндан 25 июнга қадар абитуриент ЯИДХП ёки Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг электрон тизими орқали рўйхатдан ўтади ва:

— фанлар мажмуасини;

— таълим тилини;

— тест топшириш ҳудудини;

— касбий ёки ижодий имтиҳон бўлса, уни ўтказадиган ОТМни танлайди.

Иккинчи босқичда, барча тест синовлари тугагач, абитуриентга 15 кун давомида ОТМ, бакалавриат йўналиши, таълим шакли ва танлов устуворлигини танлаш имконияти берилади.

Бир хил фанлар мажмуаси ва кетма-кетлигига мос 5 тагача бакалавриат йўналиши ва таълим шаклини танлаш мумкин.

Танлов устуворлиги — абитуриент танлаган йўналишлар бўйича танлов қандай навбатда амалга оширилишини белгилайдиган мезон.

Кириш имтиҳонлари

Кириш синовлари икки қисмдан иборат:

— барча абитуриентлар учун мажбурий она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи;

— танланган йўналишга мос иккита фан ёки тегишли касбий (ижодий) имтиҳон.

Айрим йўналишларда тест билан бирга касбий, ижодий ёки IQ синови ҳам ўтказилиши мумкин.

Тест синовлари, қоида тариқасида, июль–август ойларида ўтказилади. Аниқ саналар ҳар йили Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Хорижий тил сертификати

Агар фанлар мажмуасида хорижий тил биринчи фан бўлса, абитуриентда камида B1 даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификат бўлиши шарт.

Хорижий тил фанлар мажмуасига киритилган бошқа йўналишларда:

B1 сертификат учун — ушбу фандан максимал баллнинг 75 фоизи;

B2 ва ундан юқори сертификат учун — максимал балл берилади.

Тест учун тўлов

Тест синовида иштирок этиш учун, қоида тариқасида, БҲМнинг 50 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.

Қуйидагилардан тўлов олинмайди:

— жорий йил битирувчилари;

— I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болалар;

— тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар;

— Ижтимоий реестрга киритилган шахслар ва уларнинг фарзандлари;

— «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар.

Айрим педагоглар ва давлат тиббиёт муассасаларида ишловчи тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларидан белгиланган йиғимнинг 50 фоизи ундирилади.

БҲМ — қонунчиликда белгиланган тўловлар, йиғимлар ва бошқа миқдорларни ҳисоблашда қўлланиладиган базавий ҳисоблаш миқдори.

Натижалар

Абитуриентнинг тестда тўплаган бали тест ўтказилган куннинг эртасига эълон қилинади.

Талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани ҳақидаги якуний танлов натижаси иккинчи босқич тўлиқ якунланганидан кейин бир ҳафта ичида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий тизимида эълон қилинади.

Chat