Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 79887 марта ўқилди

Ногиронлик пенсиясини қандай қилиб қайта ҳисоблатиш мумкин?


Кимларга тайинланади?

Ногиронлик пенсияси қонунчиликда белгиланган тартибда:

  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • Чернобиль АЭСдаги авария оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга тайинланади.

Ногиронлик пенсияси — меҳнат қобилияти тўлиқ ёки қисман йўқолган шахсга тайинланадиган давлат пенсияси.

Иш стажи — пенсия тайинлашда ҳисобга олинадиган меҳнат ва қонунчиликда белгиланган бошқа фаолият даврлари.

Тиббий-ижтимоий экспертиза — шахсда ногиронлик мавжудлиги, унинг гуруҳи, сабаби ва муддатини баҳолаш жараёни.

Иш стажи талаб этиладими?

Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида ногиронлик белгиланса, пенсия иш стажидан қатъи назар тайинланади.

Умумий касаллик ёки иш билан боғлиқ бўлмаган жароҳатда талаб этиладиган стаж ногиронлик бошланган пайтдаги ёшга боғлиқ:

  • 23 ёшга қадар — 2 йил;
  • 23 ёшдан 26 ёшгача — 3 йил;
  • 26 ёшдан 31 ёшгача — 5 йил;
  • 31 ёшдан 36 ёшгача — 7 йил;
  • 36 ёшдан 41 ёшгача — 9 йил;
  • 41 ёшдан 46 ёшгача — 11 йил;
  • 46 ёшдан 51 ёшгача — 14 йил;
  • 51 ёшдан 56 ёшгача — 17 йил;
  • 56 ёш ва ундан ошганда — 20 йил.

20 ёшга тўлмасдан иш даврида ёки ишдан бўшагандан кейин ногиронлик белгиланган шахсга пенсия иш стажидан қатъи назар тайинланади.

Талаб этиладиган стаж етарли бўлмаса, пенсия мавжуд иш стажига мутаносиб миқдорда тайинланади.

Қаерга мурожаат қилинади?

Фуқаро ёки унинг қонуний вакили:

  • яшаш ёки турган жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига;
  • исталган Давлат хизматлари марказига;
  • ЯИДХП — my.gov.uz орқали мурожаат қилиши мумкин.

Зарур маълумотлар, биринчи навбатда, давлат ахборот тизимларидан олинади. Маълумотлар етарли бўлмаса, мурожаатчига қўшимча ҳужжатлар тақдим этиш ҳақида хабар берилади.

Қайси кундан тайинланади?

Агар ногиронлик белгиланган кундан бошлаб 60 кун ичида мурожаат қилинса, пенсия ногиронлик белгиланган кундан тайинланади.

60 кунлик муддат ўтказиб юборилса, пенсия, қоида тариқасида, мурожаат қилинган кундан тайинланади.

Пенсия ногиронлик белгиланган бутун давр учун берилади.

60 ёшдан ошган эркаклар ва 55 ёшдан ошган аёлларга ногиронлик пенсияси умрбод тайинланади. Улар фақат ўз аризасига кўра қайта тиббий кўрикдан ўтказилади.

Пенсия қандай ҳисобланади?

I ва II гуруҳ ногиронлик пенсиясининг таянч миқдори пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи миқдорида белгиланади, бироқ қонунчиликдаги энг кам миқдордан паст бўлмайди.

Талаб этилганидан ортиқ ҳар бир тўлиқ иш йили учун пенсия миқдори оширилади.

Пенсия тайинланганидан кейин камида бир йил ишлаган I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахснинг пенсияси иш стажи ва иш ҳақи ҳисобга олинган ҳолда ҳар икки йилда бир марта проактив қайта ҳисобланади.

Муҳим: ногиронлик пенсияси билан бошқа давлат пенсиясини бир вақтда олиш ҳуқуқи мавжуд бўлса, фуқарога ўзи танлаган битта пенсия тайинланади.

Chat