Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22782 марта ўқилди

Апостиль қандай ҳужжатларга қўйилади?


Апостиль нима учун керак?

Ўзбекистонда берилган диплом, аттестат, сертификат ва бошқа таълим ҳужжатидан хорижда фойдаланиш учун унга апостиль қўйилиши мумкин.

Апостиль ҳужжатдаги маълумотларни эмас, балки уни имзолаган шахснинг имзоси, ваколати ҳамда муҳр ёки штампнинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди.

Апостиль — расмий ҳужжатдан хорижда фойдаланиш учун қўйиладиган махсус тасдиқ штампи.

Ваколатли орган — муайян турдаги ҳужжатларга апостиль қўйиш ҳуқуқига эга давлат органи.

Электрон апостиль — ахборот тизими орқали расмийлаштириладиган апостиль.

Қайси орган апостиль қўяди?

  • мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари ҳужжатларига — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;
  • ўрта махсус, касбий, олий, олий таълимдан кейинги таълим, қайта тайёрлаш ва малака ошириш ҳужжатларига — Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги апостиль қўяди.

Қандай мурожаат қилинади?

Аризани:

  • Давлат хизматлари маркази орқали;
  • my.gov.uz порталида электрон шаклда;
  • ёки ваколатли органга анъанавий тарзда бериш мумкин.

Электрон мурожаатда сўровномани ЭРИ билан алоҳида тасдиқлаш талаб этилмайди. Порталдаги шахсий авторизация етарли ҳисобланади.

Кўриб чиқиш муддати ва йиғим

Сўровнома, қоида тариқасида, ҳужжат тақдим этилган кундан бошлаб 2 иш куни ичида кўриб чиқилади.

Имзо ёки муҳр ҳақиқийлигини қўшимча текшириш зарур бўлса, муддат 10 иш кунигача узайтирилиши мумкин.

Таълим ҳужжатлари бўйича йиғим:

  • Давлат хизматлари маркази ёки анъанавий тартибда — БҲМнинг 20 фоизи;
  • ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда — шу йиғимнинг 90 фоизи миқдорида ундирилади.

Қачон апостиль қўйилмайди?

Қуйидаги ҳолларда рад этилади:

  • ҳужжатда сана, рақам, имзо ёки муҳр каби зарур реквизитлар бўлмаса;
  • имзо, муҳр ёки штамп ҳақиқий эмаслиги аниқланса;
  • ҳужжатни имзолаган шахс бунга ваколатли бўлмаса.

Рад этиш сабаблари бартараф этилса, ҳужжатларни 30 календарь кун ичида қайта тақдим этиш мумкин.

Муҳим: апостиль паспорт, ID-карта, ҳарбий билет ҳамда тижорат ёки божхона операцияларига бевосита боғлиқ ҳужжатларга қўйилмайди.

Chat