Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18172 марта ўқилди

Кимлар мурожаат қилиши мумкин?

Хорижий давлатда илмий даража олган:

  • Ўзбекистон фуқаролари;
  • Ўзбекистонда доимий яшаб ва ишлаб турган чет эл фуқаролари;
  • фуқаролиги бўлмаган шахслар

илмий даражаси ҳақидаги ҳужжатни Ўзбекистонда тан олиш учун мурожаат қилиши мумкин.

Илмий даражани тан олиш — хорижда олинган илмий даражани Ўзбекистонда расман тасдиқлаш.

Нострификация — хорижий илмий даражанинг Ўзбекистондаги PhD ёки DSc даражасига тенглигини қайд этиш.

Тўғридан-тўғри тан олиш — диссертацияни илмий экспертизадан ўтказмасдан дипломнинг эквивалентлигини расмийлаштириш.

Қаерга мурожаат қилинади?

Мурожаат:

  • Давлат хизматлари маркази;
  • ёки my.gov.uz — Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

Ҳужжатларни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси кўриб чиқади.

Қандай ҳужжатлар керак?

Сўровномага:

  • илмий даража ҳақидаги дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхаси;
  • диплом ва PhD ёки унга тенглаштирилган даража ҳақидаги ҳужжатнинг давлат тилига нотариал тасдиқланган таржимаси;
  • диссертация нусхаси;
  • мавжуд бўлса, автореферат илова қилинади.

Бошқа ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Қачон тўғридан-тўғри тан олинади?

Қуйидаги илмий даражалар экспертизасиз тан олиниши мумкин:

  • халқаро шартнома ёки давлат ҳужжатларида назарда тутилган мақсадли тайёрлаш асосида олинган даражалар;
  • тасдиқланган халқаро рейтингда фан соҳаси бўйича биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотида олинган PhD ёки DSc даражаси;
  • вазирлик ва идоралар йўлланмаси ёки «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали мақсадли тайёрлаш натижасида олинган даражалар.

Тўғридан-тўғри тан олинадиган ҳужжатлар учун йиғим ундирилмайди.

Кўриб чиқиш тартиби

ОАК ҳужжатнинг ҳақиқийлигини текшириш учун Ташқи ишлар вазирлиги орқали хорижий ташкилотга сўров юборади.

Диссертация илмий экспертизага юборилса, эксперт кенгаши хулосани 20 кун ичида тайёрлайди. Якуний қарор ОАК Раёсати мажлисида қабул қилинади.

Қўшимча ўрганиш зарур бўлса, кўриб чиқиш муддати 30 кунгача узайтирилиши мумкин.

Қарор ижобий бўлса, тан олиш ҳақидаги гувоҳнома 1 иш куни ичида электрон шаклда юборилади.

Хизмат ҳақи

Хизмат учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида йиғим ундирилади.

  • ЯИДХП орқали мурожаат қилинса — йиғимнинг 90 фоизи;
  • Ижтимоий реестрга киритилган шахслар ва I–II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга — 50 фоиз чегирма қўлланилади.

Қарордан норози бўлганда

Қарор қабул қилинган кундан бошлаб 2 ой ичида ОАКка ЯИДХП орқали апелляция ёки судга шикоят бериш мумкин.

Апелляция 1 ой ичида кўриб чиқилади.

Chat