Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18368 марта ўқилди

Қанча қийматдаги товарни божсиз олиб кириш мумкин?

Жисмоний шахслар шахсий ва оилавий эҳтиёжлари учун мўлжалланган, тадбиркорлик ёки бошқа тижорат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган товарларни Ўзбекистонга белгиланган нормалар доирасида божсиз олиб кириши мумкин.

Амалда қуйидаги қиймат нормалари белгиланган:

  • ҳаво транспорти орқали — 1 000 АҚШ долларигача;
  • темир йўл ва дарё транспорти орқали — 500 АҚШ долларигача;
  • автомобиль ва пиёда ўтказиш пунктлари орқали — 300 АҚШ долларигача;
  • халқаро курьерлик жўнатмалари орқали — 200 АҚШ долларигача;
  • халқаро почта жўнатмалари орқали — 100 АҚШ долларигача.

Халқаро курьерлик жўнатмалари учун белгиланган 200 АҚШ долларилик норма бир календарь ой давомида қўлланилади.

Қачон божсиз норма қўлланилмайди?

Темир йўл, дарё транспорти ёки автомобиль ўтказиш пункти орқали Ўзбекистонга кираётган шахс хорижда 2 календарь кундан кам, ҳаво транспорти орқали кираётган шахс эса 3 календарь кундан кам бўлган тақдирда божсиз олиб кириш нормаси қўлланилмайди.

Шунингдек, шахс бир календарь ой давомида хорижий давлатда 3 ва ундан ортиқ марта бўлган тақдирда ҳам ушбу норма қўлланилмайди. Бундай ҳолларда товарнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади.

Айрим товарлар учун қандай миқдорий нормалар белгиланган?

Божсиз олиб киришнинг умумий қиймат нормасидан ташқари айрим товарлар учун алоҳида миқдорий чекловлар ҳам мавжуд:

  • алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво — 2 литр;
  • тамаки маҳсулотларидан бир тури: сигарет — 200 дона, сигара — 5 дона ёки тамаки — 100 грамм;
  • атир ва ифор тарқатувчи сувлар — 3 дона, жами 300 млдан ошмаган миқдорда;
  • биологик фаол қўшимчалар — 10 та турли номда, умумий оғирлиги 3 кгдан ошмаган ва ҳар бир номдаги маҳсулот 1 қадоқдан ошмаган миқдорда.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини 21 ёшга тўлмаган шахслар томонидан, шунингдек уларни халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали олиб киришга йўл қўйилмайди.

Норма оширилса нима бўлади?

Агар нотижорат мақсадида олиб кирилаётган товарнинг қиймати ёки белгиланган миқдори божсиз нормадан ошса, умумий қоида бўйича нормадан ортиқ қисмига нисбатан ягона божхона тўлови ундирилади.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари белгиланган миқдордан ортиқ бўлса, уларга ягона божхона тўлови икки баравар миқдорда, парфюмерия ва биологик фаол қўшимчалар белгиланган миқдордан ортиқ бўлса эса бир баравар миқдорда ундирилади.

Товар шахсий эҳтиёж учун эканлиги қандай аниқланади?

Божхона органи товарнинг мақсадини аниқлашда унинг миқдори, хусусияти, олиб ўтилишининг такрорийлиги ва сафар ҳолатларини, шунингдек товар шахс ва унинг оила аъзоларининг шахсий эҳтиёжлари учун мўлжалланганлигини ҳисобга олади.

Агар товар ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ёки бошқа тижорат фаолияти учун мўлжалланган деб топилса, унга божсиз олиб кириш нормалари эмас, умумий божхона расмийлаштируви қоидалари қўлланилади.

Эслатма: божсиз олиб кириш нормасининг ўзи товарни автоматик равишда нотижорат товар деб ҳисоблаш учун асос бўлмайди. Божхона органи товарнинг миқдори, хусусияти, такрорий олиб кирилиши ва сафар ҳолатларини ҳам баҳолайди.

Chat