Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 28372 марта ўқилди

Ўзбекистонга қанча товарни божсиз олиб кириш мумкин?

Жисмоний шахс шахсий ва оилавий эҳтиёжлари учун нотижорат мақсадларда товар олиб кирганда қуйидаги божсиз нормалар қўлланилади:

  • ҳаво транспорти орқали — 1 000 АҚШ долларигача;
  • темир йўл ва дарё транспорти орқали — 500 АҚШ долларигача;
  • автомобиль ёки пиёда ўтказиш пунктлари орқали — 300 АҚШ долларигача;
  • халқаро курьерлик жўнатмалари орқали — 200 АҚШ долларигача;
  • халқаро почта жўнатмалари орқали — 100 АҚШ долларигача.

Бироқ темир йўл, дарё ёки автомобиль орқали кириб келаётган шахс хорижда 2 календарь кундан кам, ҳаво транспорти орқали келаётган шахс эса 3 календарь кундан кам бўлган бўлса ёки бир календарь ойда хорижга 3 ва ундан ортиқ марта чиққан бўлса, божсиз норма қўлланилмайди. Бундай ҳолда товарнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади.

Айрим товарлар учун қандай миқдорий нормалар бор?

Божсиз олиб киришда айрим товарлар учун алоҳида миқдорий чекловлар белгиланган. Жумладан:

  • алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво — 2 литр;
  • тамаки маҳсулотларидан фақат бир тури: сигарет — 200 дона, сигара — 5 дона ёки тамаки — 100 грамм;
  • атир ва ифор тарқатувчи сувлар — 3 дона, 300 млдан ошмаган миқдорда;
  • биологик фаол қўшимчалар — 10 та турли номда, умумий оғирлиги 3 кгдан, ҳар бир номи эса 1 қадоқдан ошмаган миқдорда.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини 21 ёшга тўлмаган шахслар томонидан, шунингдек халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали олиб кириш тақиқланган.

Мобил қурилмани декларация қилиш керакми?

Ўзбекистонга олиб кирилаётган мобил қурилма божсиз олиб кириш нормасидан қатъи назар ёзма равишда декларация қилиниши лозим. Ўзбекистон ҳудудида сотиб олинган ва халқаро идентификация коди бўйича тегишли тизим оператори базасида олдиндан рўйхатга олинган мобил қурилмалар бундан мустасно.

Ўзбекистондан қанча товар олиб чиқиш мумкин?

Жисмоний шахслар умумий қиймати 5 000 АҚШ доллари эквивалентигача бўлган товарларни йўловчи божхона декларациясини тақдим этмасдан республикадан олиб чиқиши мумкин. Экспорт божхона божи белгиланган товарлар бундан мустасно.

Айрим озиқ-овқат маҳсулотлари учун алоҳида миқдорий нормалар мавжуд: гуруч — 3 кг, нон-булка маҳсулотлари — 5 кг, гўшт ва гўшт маҳсулотлари — 2 кг, шакар — 2 кг, ўсимлик ёғи — 2 кг, янги ва қуритилган мева-сабзавотлар ҳамда тегишли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари — жами 40 кггача.

Нақд валютани олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби қандай?

Ўзбекистонга нақд миллий ва чет эл валютасини чекланмаган миқдорда олиб кириш мумкин. 100 млн сўм эквивалентидан ортиқ нақд валюта йўловчи божхона декларациясида кўрсатилиши керак.

Жисмоний шахс 100 млн сўм эквивалентигача бўлган нақд валютани Ўзбекистондан чекловсиз олиб чиқиши мумкин. Бундан ортиқ миқдорни олиб чиқишга фақат қонунчиликда белгиланган алоҳида ҳолларда йўл қўйилади.

Автомобилни вақтинча олиб кириш ёки олиб чиқиш мумкинми?

Чет эллик жисмоний шахс чет давлатда рўйхатдан ўтган транспорт воситасини Ўзбекистонга нотижорат мақсадларда вақтинча олиб кириши мумкин. Бундай транспорт воситасининг Ўзбекистон божхона ҳудудида туришининг умумий муддати календарь йил давомида 90 календарь кундан ошмаслиги керак; ундан ортиқ муддат учун белгиланган йиғим тўланади.

Ўзбекистон жисмоний шахси эса нотижорат мақсадда фойдаланадиган транспорт воситасини хорижда вақтинча бўлиш муддатига олиб чиқиш ҳуқуқига эга. Уни вақтинча олиб чиқиш ва қайтариб олиб киришда божхона тўловлари ундирилмайди.

Chat