Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 33331 марта ўқилди

Ногиронлик ким томонидан белгиланади?

Фуқарони ногиронлиги бўлган шахс, 18 ёшгача бўлган болани эса ногиронлиги бўлган бола деб топиш тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Шахс тиббий-ижтимоий экспертизага, қоида тариқасида, давлат тиббиёт муассасаси томонидан юборилади.

Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, тиббиёт ташкилотлари ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувларсиз тиббий-ижтимоий экспертизага юбориши мумкин.

Экспертиза қаерда ўтказилади?

Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссия мажлисида ўтказилади.

Агар шахс соғлиғи туфайли комиссияга бориш имкониятига эга бўлмаса ва бу тиббиёт муассасасининг хулосаси билан тасдиқланса, экспертиза шахснинг хоҳишига кўра:

  • унинг уйида;
  • ёки у даволанаётган стационарда ўтказилиши мумкин.

Экспертиза қанча муддатда ўтказилади?

Тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси текширувни тиббий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан 20 календарь кундан кечиктирмай ўтказади.

Шахс текширув ўтказиладиган кун тўғрисида ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб 2 иш куни ичида хабардор қилинади.

Ногиронлик аниқланса, фуқаро тиббий ҳужжатлар комиссия томонидан қабул қилинган санадан бошлаб ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этилади.

Экспертиза натижасида нима белгиланади?

Тиббий-ижтимоий экспертиза натижасида:

  • ногиронлик гуруҳи;
  • ногиронликнинг сабаби;
  • ногиронлик белгиланган муддат;
  • зарур меҳнат шароитлари;
  • ўзгалар парваришига эҳтиёж;
  • реабилитация ва ижтимоий ҳимоя чоралари белгиланади.

18 ёшгача бўлган болаларга қайта текширувдан ўтиш муддати кўрсатилган ҳолда «Ногиронлиги бўлган болалар» тоифаси белгиланади.

Барқарор ва қайтариб бўлмайдиган ўзгаришлар мавжуд бўлган айрим касалликлар ва анатомик нуқсонларда ногиронлик қайта текширув муддати кўрсатилмасдан белгиланиши мумкин.

Ижтимоий ёрдамнинг қандай турлари мавжуд?

Ногиронлиги бўлган шахсларга қуйидаги турдаги ижтимоий ёрдам кўрсатилади:

  • пенсиялар, нафақалар ва бир йўла бериладиган пул тўловлари;
  • ўриндиқли аравачалар, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг бошқа техник воситалари;
  • сурдотехника ва тифлотехника воситалари;
  • тиббий, ижтимоий, касбий ва жисмоний реабилитация хизматлари;
  • маиший ва транспорт хизматлари;
  • дори воситалари билан таъминлаш.

Ижтимоий ёрдам давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда кўрсатилади.

Доимий парваришга муҳтож шахсларга хизматлар

Ўзига ўзи хизмат кўрсатиш қобилиятини қисман ёки тўлиқ йўқотган ва ўзгаларнинг доимий парваришига муҳтож бўлган шахсларга:

  • уйида;
  • ёки ихтисослаштирилган стационар муассасаларда

ижтимоий ва маиший хизматлар кўрсатилади.

Ихтисослаштирилган муассасаларда ҳаёт кечириш учун зарур шароитлар яратилади, тиббий хизматлар кўрсатилади, шунингдек меҳнат фаолияти ва дам олиш ташкил этилади.

Қўшимча кафолатлар

Иш берувчининг айби билан меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинган ногиронлиги бўлган шахслар тиббий кўрсатмалар асосида иш берувчининг маблағлари ҳисобидан реабилитация қилишнинг техник воситалари ва махсус транспорт воситалари билан таъминланади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча ижтимоий кафолатлар белгилаши мумкин.

Ногиронлиги бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда:

  • бепул санаторий-курортда соғломлаштириш;
  • дори воситалари;
  • парвариш учун тиббий буюмлар;
  • ногиронлиги бўлган болалар учун махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш ҳуқуқига эга.
Chat