Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 23156 марта ўқилди

Пора бериш нима?

Пора бериш — давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига унинг хизмат мавқеидан фойдаланиб, пора берувчи манфаати учун муайян ҳаракатни бажариши ёки бажармаслиги эвазига:

  • бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш;
  • ёки уни мулкий манфаатдор этишдир.

Пул билан бирга мол-мулк, қимматбаҳо буюмлар, хизматлар, мулкий ҳуқуқлар ёки бошқа моддий манфаатлар ҳам пора предмети бўлиши мумкин.

Пора берганлик учун қандай жазо белгиланган?

Пора бериш:

  • БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима;
  • 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;
  • ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қайси ҳолатларда жазо оғирлашади?

Пора бериш:

  • такроран;
  • хавфли рецидивист томонидан;
  • илгари пора олиш ёки пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятини содир этган шахс томонидан;
  • кўп миқдорда содир этилса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора бериш:

  • жуда кўп миқдорда;
  • ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб

содир этилса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қачон шахс жавобгарликдан озод қилиниши мумкин?

Пора берган шахс қуйидаги шартларнинг барчаси мавжуд бўлса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин:

  • унга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса;
  • жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин 30 сутка ичида бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса;
  • чин кўнгилдан пушаймон бўлса;
  • жиноятни очишда фаол ёрдам берса.

Фақат пора берилгани ҳақида кейинчалик хабар беришнинг ўзи жавобгарликдан озод қилиш учун етарли эмас. Пора сўраб товламачилик қилинган бўлиши ва қолган барча шартлар ҳам бажарилиши керак.

Пора олиш-беришда воситачилик нима?

Пора олиш-беришда воситачилик:

  • пора олиш ёки бериш ҳақида келишувга эришишга қаратилган фаолият;
  • манфаатдор шахснинг топшириғи билан порани бевосита етказиб беришдан иборат.

Воситачилик қилиш:

  • БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима;
  • 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;
  • ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Оғирлаштирувчи ҳолатларга қараб жазо 5 йилдан 10 йилгача ёки 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилишни ташкил этиши мумкин.

Воситачи қачон жавобгарликдан озод қилинади?

Пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс:

  • жиноий ҳаракатлардан кейин 30 сутка ичида ўз ихтиёри билан арз қилса;
  • чин кўнгилдан пушаймон бўлса;
  • жиноятни очишда фаол ёрдам берса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Воситачи учун жавобгарликдан озод этишда унга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлиши талаб этилмайди.

Ташкилот хизматчисини пора эвазига оғдириш

Мансабдор шахс ҳисобланмайдиган хизматчига унинг ваколатларидан фойдаланиб, муайян ҳаракатни бажариши ёки бажармаслиги эвазига моддий қимматлик бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади.

Бундай қилмиш:

  • нодавлат тижорат ёки бошқа нодавлат ташкилоти хизматчисига нисбатан;
  • давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисига нисбатан содир этилиши мумкин.

Қилмишнинг хусусияти ва унинг аввал маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилганига қараб маъмурий ёки жиноий жавобгарлик келиб чиқади.

Пора талаб қилинса нима қилиш керак?

Пора талаб қилинганда:

  • пора бермаслик;
  • талаб қилинган сумма, вақт, жой ва шахс ҳақидаги маълумотларни қайд этиш;
  • мавжуд ёзишмалар, аудио, видео ва бошқа далилларни сақлаш;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тезкор хабар бериш лозим.

Мустақил равишда пулни топшириш ёки пора берувчини «ушлаш»га уриниш хавфли бўлиши мумкин. Кейинги ҳаракатлар ваколатли органлар кўрсатмаси асосида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

Chat