Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12552 марта ўқилди

Совға нима?

Давлат фуқаролик хизматчисига ёки унинг оила аъзоларига бепул берилган, моддий қимматга эга мол-мулк ёки беғараз кўрсатилган хизмат совға ҳисобланади.

Давлат фуқаролик хизматчисининг оила аъзоларига халқаро ёки бошқа расмий тадбир муносабати билан берилган совға ҳам хизматчининг ўзига берилган совға сифатида баҳоланади.

Қандай совғаларни олиш тақиқланади?

Давлат фуқаролик хизматчисининг ўз хизмат ваколатларини жисмоний ёки юридик шахс манфаати учун бажариши ёхуд бажармаслиги эвазига:

  • пул;
  • мол-мулк;
  • хизмат;
  • имтиёз;
  • бошқа ҳар қандай мукофот, фойда ёки совғани олиши тақиқланади.

Давлат фуқаролик хизматчиси ўзи ёки бошқа шахслар учун совға беришни сўраши ёки талаб қилиши ҳам мумкин эмас.

Қайси совғаларга рухсат берилади?

Қуйидаги совғаларни олишга рухсат этилади:

  • алоҳида хизматлари учун давлат органининг тегишли қарори асосида берилган совғалар;
  • мусобақа ва танловларда эришилган ютуқлар учун берилган совғалар;
  • давлат байрамлари, нишонланадиган саналар ва расмий тадбирларда мукофотлаш натижасида олинган совғалар;
  • чет давлатлардаги хизмат сафарлари вақтида;
  • Ўзбекистонда ёки хорижда ўтказиладиган халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан берилган совғалар.

Ўзбекистон ҳудудида ўтказиладиган халқаро ёки бошқа расмий тадбир билан боғлиқ бўлмаган оддий хизмат сафари вақтида совға олиш тақиқланади.

Расмий тадбирдаги совға қандай талабларга жавоб бериши керак?

Совға:

  • қонунчилик ва давлат органининг ички ҳужжатларига мувофиқ бўлиши;
  • муайян халқаро ёки расмий тадбир муносабати билан ихтиёрий берилган бўлиши;
  • очиқ ва ошкора қабул қилиниши;
  • давлат органининг обрўсига путур етказмаслиги;
  • манфаатлар тўқнашуви ёки коррупциявий хавф туғдирмаслиги;
  • хизматчининг холис қарор қабул қилишига таъсир этувчи мажбуриятни юзага келтирмаслиги керак.

Ушбу шартларга жавоб бермайдиган совға қабул қилинмаслиги лозим.

Совға қачон топширилади?

Халқаро ёки бошқа расмий тадбирда олинган совға хизматчи тадбирдан қайтган кундан бошлаб 3 иш куни ичида давлат органининг масъул бўлинмасига топширилади.

Совғанинг қийматини тасдиқловчи чек, квитанция ёки бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, у ҳам совға билан бирга тақдим этилади.

Совға топширилганида:

  • топшириш ва қабул қилиш далолатномаси тузилади;
  • совға Совғалар реестрига киритилади;
  • далолатноманинг бир нусхаси давлат фуқаролик хизматчисига берилади.

Совға топширилгунга ва далолатнома расмийлаштирилгунга қадар унинг бутлиги ва сақланиши учун давлат фуқаролик хизматчиси жавобгар бўлади.

Совғанинг қиймати қандай аниқланади?

Совғанинг қийматини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлмаса, унинг бозор қиймати давлат органининг масъул бўлинмаси томонидан:

  • савдо дўконлари;
  • интернет;
  • бошқа очиқ манбалардаги нархларни ўрганиш орқали аниқланади.

Натижада совғанинг ўртача қиймати белгиланиб, бу ҳақда баённома расмийлаштирилади.

Совға хизматчининг ўзида қолиши мумкинми?

Агар совғанинг қиймати БҲМнинг 4 бараварига тенг ёки ундан кам бўлса, совға давлат фуқаролик хизматчисида қолдирилади. У совғани ўз хоҳишига кўра тасарруф этиши мумкин.

Бунда совғани хизматчига топшириш тўғрисида алоҳида далолатнома расмийлаштирилади.

Агар совғанинг қиймати БҲМнинг 4 бараваридан ортиқ бўлса, у давлат органининг балансига кирим қилинади ва давлат органи эҳтиёжлари учун фойдаланилиши мумкин.

Қайси совғалар расмийлаштирилмайди?

Қуйидагилар совға сифатида расмийлаштирилмайди ва хизматчи томонидан ўз хоҳишига кўра тасарруф этилади:

  • табиий гулдасталар;
  • доналик ширинликлар;
  • тақвим;
  • буклет;
  • пластмассали ручка;
  • кундалик;
  • блокнот каби канцелярия тўпламлари.

Меҳмондўстлик таклифини қабул қилиш мумкинми?

Давлат фуқаролик хизматчиси халқаро ёки бошқа расмий тадбир муносабати билан:

  • нонушта;
  • кофе-брейк;
  • тушлик;
  • кечки овқат;
  • оммавий-маданий ёки концерт-томоша тадбирига меҳмондўстлик белгиси сифатида билдирилган таклифни қабул қилиши мумкин.

Агар таклифнинг беғаразлигига шубҳа туғилса, хизматчи уни дарҳол рад этиши ва бу ҳақда давлат органининг коррупцияга қарши курашиш бўлинмасини хабардор қилиши шарт.

Chat