Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13301 марта ўқилди

Кимлар сайловда иштирок этиши мумкин?

Фуқаролар йиғини раиси сайловида иштирок этиш ихтиёрий ва эркин. Ҳеч ким фуқарони сайловда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиши, унинг хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатиши мумкин эмас.

Сайлов куни 18 ёшга тўлган ва тегишли маҳалла, шаҳарча, қишлоқ ёки овул ҳудудида доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари раисни сайлаш ҳуқуқига эга. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар сайловда иштирок этмайди.

Раисликка номзодга қандай талаблар қўйилади?

Раисликка номзод:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши;
  • қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши;
  • сайловга қадар камида 5 йил тегишли ҳудудда доимий яшаган бўлиши;
  • ташкилотчилик қобилияти, тегишли иш ва ҳаётий тажрибага;
  • аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёки ўта оғир жиноят учун судланганлиги тугалланмаган ёки олиб ташланмаган, озодликдан маҳрум этиш жойида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар ҳамда диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари номзод этиб кўрсатилмайди.

Сайлов қандай ташкил этилади?

Сайловни ўтказиш муддатлари сайлов бошланишидан камида 2 ой олдин Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан белгиланади.

Ҳар бир фуқаролар йиғинида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун ишчи гуруҳ фаолият юритади. У йиғиннинг сана, вақт ва жойини белгилаб, аҳолини бу ҳақда камида 5 кун олдин хабардор қилади. Келишилган номзодлар ҳақидаги ахборот ҳам сайловдан камида 5 кун олдин фуқаролар йиғини биноси ва гузарларда эълон қилинади.

Овоз бериш ва натижа қандай аниқланади?

Фуқаролар йиғини раиси яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Бюллетенда номзодлар фамилияси, исми ва отасининг исми алифбо тартибида кўрсатилади.

Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод сайланган ҳисобланади. Агар зарур миқдорда овоз олинмаса, қонунда белгиланган ҳолларда такрорий овоз бериш ёки такрорий сайлов ўтказилади.

Раис 5 йил муддатга сайланади. Сайлов натижалари бўйича фуқаролар йиғинининг қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин.

Chat