Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 21558 марта ўқилди

Кимлар касбга ўқитилиши мумкин?

Давлат буюртмаси меҳнат бозорининг жорий ва келгуси эҳтиёжларидан келиб чиқиб шакллантирилади. Хотин-қизлар қуйидаги ҳолларда касбга ўқитилиши мумкин:

  • касби ёки мутахассислиги мавжуд бўлмаса;
  • мавжуд касби бўйича мақбул иш топилмагани сабабли касбини ўзгартириш зарур бўлса;
  • касбий кўникмалари етарли бўлмаса ёки касбига қўйиладиган талаблар ўзгаргани сабабли малакасини ошириши керак бўлса;
  • аввалги касби бўйича иш бажариш қобилиятини йўқотган бўлса.

Қаерда касбга ўқиш мумкин?

Касбга ўқитиш:

  • давлат касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва маҳаллалардаги ўқув масканларида;
  • профессионал таълим муассасаларидаги қисқа муддатли курсларда;
  • белгиланган талабларга жавоб берадиган нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш ташкилотларида амалга оширилади.

Давлат буюртмаси ҳудудлардаги иш берувчиларнинг малакали кадрларга эҳтиёжи ва касбга ўқиш истагидаги хотин-қизларнинг талабидан келиб чиқиб йилига икки марта шакллантирилади.

Ўқиш тугагач қандай ҳужжат берилади?

Касбга ўқишни тугатган хотин-қизларнинг малака даражаси тегишли малака баҳолаш марказларида баҳоланади.

Баҳолашдан муваффақиятли ўтган шахсларга 10 кун ичида малака сертификати берилади. Нодавлат таълим ташкилотида ўқиган хотин-қиз ҳам малакасини баҳолатиш учун белгиланган тартибда мустақил мурожаат қилиши мумкин.

Ўқиш харажатлари қандай молиялаштирилади?

Хотин-қизларни касбга ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва ушбу мақсадлар учун ажратилган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Нодавлат таълим ташкилотларида курсни тамомлаган ҳар бир хотин-қиз учун касбга ўқитишга сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ 4 БҲМдан ошмаган қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

Эслатма: давлат буюртмаси меҳнат бозори эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантирилади. Шу сабаб ўқитиладиган касблар ва ўринлар сони ҳудуд ва даврга қараб фарқ қилиши мумкин.

Chat