Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 31907 марта ўқилди

Марказлар қандай фаолият юритади?

Марказлар маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш ҳамда саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилади ва юридик шахс ҳисобланмайди.

Марказ бинолари тадбиркорлик субъектларига тикувчилик, қандолатчилик, пазандачилик, фитнес, шейпинг, касбга ўқитиш ва бошқа тегишли фаолиятни ташкил этиш учун 5 йил муддатга ижарага берилиши мумкин.

Давлат гранти қанча миқдорда берилади?

Битта ижтимоий лойиҳа доирасида 20 нафаргача хотин-қизни доимий иш билан таъминлаш учун ҳар бир иш билан таъминланадиган ишсиз хотин-қиз ҳисобига тадбиркорлик субъектига 3 млн сўмгача давлат гранти ажратилади.

Грант маблағлари, асосан, марказда тикувчилик, қандолатчилик, пазандачилик, ҳунармандчилик ва бошқа ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолияти учун зарур дастгоҳ, ускуна ва жиҳозларни сотиб олишга йўналтирилади.

Қайси хотин-қизларни иш билан таъминлашга қаратилган лойиҳалар устувор?

Грант, жумладан:

  • Ижтимоий реестр ёки «Аёллар дафтари»га киритилган;
  • ишсиз, айниқса қишлоқ жойларда бола тарбияси билан шуғулланаётган;
  • хорижий меҳнат миграциясидан қайтган;
  • ногиронлиги бўлган меҳнатга лаёқатли ишсиз;
  • норасмий меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган;
  • одам савдоси, тазйиқ ёки зўравонликдан жабрланган ва мушкул иқтисодий аҳволдаги;
  • таълим муассасасини битириб, ишсиз қолган;
  • жазони ижро этиш муассасасидан қайтган ёки профилактик ҳисобда турган хотин-қизларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар учун ажратилиши мумкин.

Грант олиш учун нима тақдим этилади?

Тадбиркорлик субъекти маҳалла фуқаролар йиғини орқали:

  • ижтимоий лойиҳа ва бизнес-режани;
  • фаолият йўналиши ва яратиладиган янги иш ўринлари ҳақида маълумотни;
  • сўралаётган грант миқдорини;
  • харид қилиниши режалаштирилган асбоб-ускуна ва жиҳозлар ҳақида маълумотни тақдим этади.

Маҳалла ҳужжатларни 3 кун ичида, туман (шаҳар) ишчи гуруҳи 5 кун ичида, ҳудудий масъуллар эса 2 кун ичида кейинги босқичга тақдим этади. Лойиҳалар грант комиссияси томонидан ҳар чоракда кўриб чиқилади; грант ажратиш тўғрисида қарор қабул қилингач, маблағлар тадбиркорлик субъекти ҳисобварағига 15 иш куни ичида ўтказилади.

Chat