Имтиёз кимларга татбиқ этилади?
Қонунчиликда белгиланган имтиёзли тоифадаги шахсларга юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт ташкилотларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатилади.
Имтиёз қуйидаги шахсларга татбиқ этилади:
- болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар;
- етим болалар;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
- 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар;
- ёшга оид пенсияга чиққан ишламайдиган шахслар;
- айрим ҳарбийлаштирилган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида хизмат даври бўйича пенсияга чиққан ишламайдиган шахслар;
- 1941–1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасида қатнашган шахслар;
- Чернобиль АЭСи фалокатини тугатишда иштирок этган ва ядро полигонида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар;
- байналмилалчи-жангчилар;
- Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг аъзолари;
- ойлик даромади оиланинг ҳар бир аъзосига ҳисоблаганда минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган оилалар аъзолари;
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлайдиган рўйхат бўйича 18 ёшга тўлмаган патологияли болалар;
- чақирув комиссияларининг йўлланмалари бўйича 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган чақирув ёшидаги шахслар;
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлайдиган рўйхат бўйича патологияли ҳомиладор аёллар;
- эндокрин касалликларига чалинган беморлар;
- жинсий йўл билан юқтириладиган касалликларга чалинган шахслар;
- сил касаллигига чалинган шахслар;
- онкология касалликларига чалинган шахслар;
- дастурли гемодиализ олувчи беморлар;
- Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган айрим ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзолари;
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлайдиган рўйхат бўйича гематология касалликларига чалинган шахслар.
Айрим касалликлар бўйича тиббий ёрдам қаерда кўрсатилади?
Патологияли ҳомиладор аёлларга тиббий ёрдам Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика перинатал марказида кўрсатилади.
Тегишли рўйхатга киритилган:
- эндокрин касалликларига чалинган беморларга — Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида;
- жинсий йўл билан юқтириладиган касалликларга чалинган шахсларга — Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказида;
- сил касаллигига чалинган шахсларга — Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида;
- онкология касалликларига чалинган шахсларга — Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказида;
- гематология касалликларига чалинган шахсларга — Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида тиббий ёрдам кўрсатилади.
Имтиёзли йўлланма қандай олинади?
Бемор дастлаб ўзи бириктирилган оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ёки тегишли идоравий тиббиёт муассасасига мурожаат қилади.
Тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлса, беморнинг ҳужжатлари ва тиббий маълумотлари белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Ҳудудий ёки республика даражасида стационар даволаниш зарурати тиббий-танлов комиссияси томонидан тасдиқланади.
Йўлланма электрон ахборот тизими орқали расмийлаштирилади. Бемор Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган, тегишли тиббий хизматни кўрсатиш ваколатига эга давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотини танлаши мумкин.
Имтиёз автоматик равишда бепул даволаниш ҳуқуқини берадими?
Имтиёзли тоифага кириш беморга исталган тиббиёт ташкилотига йўлланмасиз мурожаат қилиб, бепул даволаниш ҳуқуқини бермайди.
Тиббий ёрдамнинг давлат маблағлари ҳисобидан кўрсатилиши учун:
- беморда тегишли тиббий кўрсатма бўлиши;
- касаллик белгиланган рўйхатга мувофиқ бўлиши;
- зарур ҳолларда тиббий-танлов комиссиясининг хулосаси олиниши;
- электрон йўлланма расмийлаштирилиши керак.
Бемор тиббиёт ташкилотига тегишли йўлланмасиз бевосита мурожаат қилса, тиббий ёрдам пулли асосда кўрсатилади.
Шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам талаб этиладиган ҳолатлар бундан мустасно.