Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 14409 марта ўқилди

Овқатланиш учун кимлар ҳақ тўламайди?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги турғун даволаш-профилактика муассасаларида қуйидаги шахслар овқатланиш учун ҳақ тўлашдан озод қилинади:

  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда уларга ғамхўрлик қилувчи шахслар — ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар;
  • 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар;
  • Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини бартараф этишда қатнашиш натижасида ногиронлиги бўлган шахслар;
  • 1941–1945 йиллардаги уруш йиллари меҳнат фронти қатнашчилари;
  • байналмилалчи жангчилар;
  • чин етимлар;
  • ваколатли органларда ҳисобда турувчи ёлғиз пенсионерлар;
  • 18 ёшгача бўлган болалар, шунингдек, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари;
  • чақириқ комиссиялари хулосаси асосида мудофаа ишлари бўлимларининг йўлланмаси бўйича 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган чақириқ ёшидаги шахслар;
  • «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар;
  • 1 ёшгача боласи бўлган эмизикли оналар;
  • Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болаларга қаровчи шахслар — ота-онаси ва бошқа шахслар.

Қайси касалликларда овқатланиш бепул?

Қуйидаги касаллик ва ҳолатларда беморлар овқатланиш учун ҳақ тўлашдан озод қилинади:

  • ОИВ инфекциясини юқтирганлар (ОИТС);
  • онкологик касалликлар;
  • руҳий касалликлар;
  • юқумли касалликлар;
  • гиёҳвандлик касалликлари;
  • эндокринологик касалликлар;
  • нурланиш касаллиги;
  • мохов касаллиги;
  • сифилис;
  • сил касаллиги;
  • шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда реанимация тадбирлари ва интенсив терапияни талаб қилувчи касалликлар ва ҳолатлар;
  • даражасидан қатъи назар, камқонлик касаллигига чалинган ҳомиладор аёллар ва туққан аёллар.

Овқатланиш учун ҳақ тўлаш тартиби

Тиббиёт муассасаларида беморларга нонушта бепул берилади. Нонуштадан ташқари овқатланиш учун, қоида тариқасида, беморнинг ўзи, унинг қариндошлари, бошқа шахслар, ташкилотлар ёки ҳомийлар маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланади.

Овқатланиш тўловидан озод қилинган шахсларнинг харажатлари тиббиёт муассасасига ажратилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бемор тиббиёт муассасаси таклиф этган овқатланишдан ёзма ариза асосида тўлиқ ёки қисман воз кечиши мумкин. Бунда мустақил ташкил этилган овқатланиш шифокорнинг парҳез бўйича кўрсатмасига мувофиқ бўлиши керак.

Муҳим истисно

Овқатланиш учун ҳақ тўлашдан озод қилиш тўғрисидаги рўйхат тиббий ёрдам пулли асосда кўрсатиладиган ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан фаолият юритадиган тиббиёт муассасалари, уларнинг бўлимлари ёки палаталарига татбиқ этилмайди.

Chat