Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 17621 марта ўқилди

Кимлар имтиёзли дори воситаларини олиш ҳуқуқига эга?

Амбулаторияда даволаниш вақтида қуйидаги шахслар дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга:

  1. онкологик касалликларга чалинганлар;
  2. сил касаллигига чалинганлар;
  3. мохов касаллигига чалинганлар;
  4. эндокринологик касалликларга, жумладан қандли ва қандсиз диабетга чалинганлар;
  5. руҳий касалликларга чалинганлар;
  6. ОИВ инфекциясини юқтирганлар;
  7. юрак клапанини протезлаш ёки органларни кўчириш бўйича операция қилинган шахслар;
  8. дастурли гемодиализ олувчи беморлар;
  9. ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар;
  10. 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар;
  11. 1941–1945 йиллардаги уруш меҳнат фронти қатнашчилари;
  12. Чернобиль АЭСи фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлиги бўлган шахслар;
  13. байналмилалчи жангчилар;
  14. ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.

Дори воситалари қандай берилади?

Имтиёзли дори воситалари бемор амбулатория тартибида даволанаётган давлат амбулатория-поликлиника муассасасида даволовчи врачнинг тайинлови бўйича бепул берилади.

Дори воситалари:

  • амбулатория-поликлиника муассасаси орқали;
  • ёки даволовчи врач ёзган имтиёзли рецепт асосида дорихона орқали берилади.

Талаб этиладиган дори воситаси тиббиёт муассасасида мавжуд бўлмаса, даволовчи врач уни дорихонадан имтиёзли олиш учун рецепт ёзади.

Имтиёзли рецепт қандай олинади?

Бемор, унинг ота-онаси, ўрнини босувчи шахс ёки қариндоши рецепт олиш учун бемор ҳисобда турган ёки тиббий хизмат кўрсатиш учун бириктирилган амбулатория-поликлиника муассасасига мурожаат қилади.

Мурожаат қилишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади.

Рецепт:

  • тиббий кўрсатмалар асосида;
  • бир даволаш курсидан ортиқ бўлмаган миқдорда ёзилади;
  • берилган кундан бошлаб 1 ой давомида амал қилади.

Дори воситалари кимга берилади?

Дори воситалари масъул шахс томонидан махсус журналга имзо қўйдирилган ҳолда беморга берилади.

Вояга етмаган беморларга мўлжалланган дори воситалари уларнинг ота-онаси ёки ўрнини босувчи шахсларга берилади. Айрим ҳолларда вояга етган беморнинг соғлиғига қараб, дори воситалари унинг қариндошларига ҳам берилиши мумкин.

Дорихонада белгиланган дори бўлмаса

Дорихонада рецептда савдо номи билан кўрсатилган дори воситаси мавжуд бўлмаса, уни бошқа савдо номидаги, таъсир этувчи моддаси бир хил бўлган дори воситасига алмаштириш мумкин.

Бундай алмаштириш:

  • янги рецепт асосида;
  • амбулатория-поликлиника муассасаси раҳбари ёки унинг ўринбосари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Дорихона ходими рецептнинг орқа томонига дори мавжуд эмаслиги ҳақида белги қўяди ва рецептни беморга қайтаради.

Агар дорининг рецептда кўрсатилган тўлиқ миқдори мавжуд бўлмаса, беморга мавжуд миқдордаги дори берилади ва бу ҳақда рецептда белги қўйилади.

Қайси дорилар имтиёзли берилади?

Имтиёз фақат амбулаторияда даволанишда имтиёзли таъминлаш учун тасдиқланган рўйхатга киритилган дори воситаларига татбиқ этилади.

Дорихонадан бериладиган дори воситасининг миқдори ва дозаси рецептда кўрсатилган миқдор ва дозага мувофиқ бўлиши керак.

Chat