Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 16802 марта ўқилди

Мажбурий жамоат ишлари

Мажбурий жамоат ишлари маҳкумни ҳақ тўланмайдиган фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий тарзда жалб қилишдан иборат.

Ушбу жазо I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Шартли ҳукм қўлланилиши

Шартли ҳукм ўта оғир жиноят учун ҳукм қилинганларга, шунингдек, илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Бироқ ушбу чеклов:

  • 18 ёшга тўлмаган шахсларга;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • аёлларга;
  • 60 ёшдан ошган шахсларга

татбиқ этилмайди. Бу шахсларга нисбатан қонундаги бошқа шартлар мавжуд бўлса, шартли ҳукм қўлланилиши мумкин.

Махсус воситаларни қўллаш

Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахсларга нисбатан:

  • резина таёқлар;
  • қўлкишанлар ва бошқа боғлаш воситалари;
  • хизмат итлари;
  • кўздан ёш чиқарувчи моддалар;
  • нур-товуш мосламалари;
  • сув билан зарба берувчи ва зирҳли машиналар;
  • қонунда назарда тутилган бошқа махсус воситаларни

қўллаш тақиқланади.

Қуролли қаршилик кўрсатилган ёки фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи гуруҳ бўлиб ҳужум қилинган ҳоллар бундан мустасно.

Қўшимча посилка ва озиқ-овқат олиш

Озодликдан маҳрум қилинган I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс врач хулосасига кўра даволаниш ва кучайтирилган овқатланишга муҳтож деб топилса, унга қўшимча:

  • посилкалар;
  • йўқловлар;
  • бандероллар

олишга рухсат берилади.

Уларнинг миқдори ва турлари тиббий хулоса асосида белгиланади.

Меҳнатга жалб қилиш

Озодликдан маҳрум қилинган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатга фақат ўз хоҳишига кўра жалб қилинади.

Уларни жамланган иш вақти режимида, тунги вақтда, дам олиш ёки байрам кунларида ишлашга ёхуд иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилишда меҳнат қонунчилигида белгиланган чекловларга риоя қилиниши шарт.

Жазони ўташ шароитлари

Озодликдан маҳрум қилинган ногиронлиги бўлган шахслар учун қуйидаги қўшимча кафолатлар белгиланган:

  • I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар интизомий бўлинмаларга жойлаштирилмайди;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар қамоқхоналарда яхшиланган шароитларда жазо ўтайди;
  • улар яшайдиган умумий хоналар махсус жиҳоз ва мосламалар билан таъминланиши керак;
  • улар учун юқори овқатланиш нормалари белгиланади.
Chat