Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 14786 марта ўқилди

Мажбурий жамоат ишлари нима?

Мажбурий жамоат ишлари маҳкумни ҳақ тўланмайдиган фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий тарзда жалб қилишдан иборат жазо туридир.

Маҳкум доимий иш ёки ўқиш жойига эга бўлса, мажбурий жамоат ишларини ишдан ёки ўқишдан бўш вақтда ўтайди.

Маҳкум жазони ўтайдиган жой ва бажарадиган иш тури пробация бўлинмаси томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг таклифларини инобатга олган ҳолда белгиланади.

Жазо қанча муддатга тайинланади?

Мажбурий жамоат ишлари 120 соатдан 480 соатгача бўлган муддатга тайинланади.

Жазо:

  • дам олиш кунлари ва маҳкум асосий иш ёки ўқиш билан банд бўлмаган кунларда — кунига 4 соатдан ошмаган ҳолда;
  • иш ёки ўқиш кунларида — иш ёки ўқишдан олдин ёхуд кейин кунига 2 соатдан ошмаган ҳолда;
  • маҳкумнинг илтимосига кўра иш ёки ўқиш кунларида ҳам кунига 4 соатгача

ўталиши мумкин.

Жазо, одатда, 6 ой давомида, маҳкумга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар юзага келганда эса 1 йилгача бўлган муддатда ўталади.

Вояга етмаганларга нисбатан муддат

Меҳнатга лаёқатли вояга етмаган шахсларга мажбурий жамоат ишлари 60 соатдан 240 соатгача бўлган муддатга тайинланади.

Вояга етмаган шахс:

  • дам олиш ёки ўқишдан бўш кунларда — кунига 3 соатдан кўп бўлмаган;
  • ўқиш ёки иш кунларида — кунига 2 соатдан кўп бўлмаган;
  • бир ҳафтада — 3 кундан кўп бўлмаган

вақт давомида жазони ўтайди.

Бажариладиган ишлар вояга етмаган шахснинг соғлиғи ва маънавий ривожланишига зарар етказмаслиги, шунингдек, ўқув жараёнини бузмаслиги керак.

Кимларга мажбурий жамоат ишлари қўлланилмайди?

Мажбурий жамоат ишлари қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:

  • пенсия ёшига етган шахсларга;
  • 16 ёшга тўлмаган шахсларга;
  • ҳомиладор аёлларга;
  • 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • ҳарбий хизматчиларга;
  • чет эл фуқароларига;
  • Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган шахсларга.

Жазони ким назорат қилади?

Жазонинг ижроси маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органининг пробация бўлинмаси томонидан ташкил этилади ва назорат қилинади.

Маҳкум:

  • белгиланган жойда ишлаши;
  • тасдиқланган иш жадвалига риоя қилиши;
  • белгиланган соат ва иш ҳажмини бажариши;
  • ички тартиб ва меҳнат интизомига риоя қилиши;
  • яшаш жойи ўзгарганда пробация бўлинмасини хабардор қилиши;
  • пробация бўлинмасининг чақируви бўйича етиб келиши шарт.

Маҳкум жазони ўташ жойини ўзбошимчалик билан ўзгартириши ёки ишларни тўхтатиши мумкин эмас. Пробация бўлинмасининг рухсатисиз Ўзбекистон ҳудудидан чиқиш ҳам тақиқланади.

Қайси вақт жазо муддатига қўшилмайди?

Қуйидаги вақт мажбурий жамоат ишлари муддатига қўшиб ҳисобланмайди:

  • иш жойига бориш учун сарфланган вақт;
  • овқатланиш вақти;
  • маҳкум ишларни бажаришга алкоголли, гиёҳвандлик ёки заҳарвандлик мастлиги ҳолатида келган вақт.

Мажбурий жамоат ишларини ўташ вақти меҳнат стажига қўшилмайди ва маҳкум билан меҳнат шартномаси тузилмайди.

Жазони ўташдан бўйин товланса

Маҳкум жазони ўташдан бўйин товласа, суд мажбурий жамоат ишларининг ўталмай қолган қисмини:

  • озодликни чеклаш;
  • ёки озодликдан маҳрум қилиш

жазоси билан алмаштириши мумкин.

Бунда мажбурий жамоат ишларининг 4 соати озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилишнинг 1 кунига тенглаштирилади.

Жазони ўташдан озод қилиш

Жазони ўташ даврида:

  • меҳнат қобилиятини йўқотган;
  • пенсия ёшига етган шахсни;
  • ҳомиладорлик ёки туғиш таътили берилган аёлни

Жиноят кодексида белгиланган тартибда жазони ўташдан озод қилиш масаласи суд томонидан кўриб чиқилади.

Chat