Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 19423 марта ўқилди

Кимларга бепул ордер берилади?

Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул даволаниш ҳуқуқи қонунчиликда белгиланган имтиёзли тоифадаги шахсларга берилади.

Ордер, асосан, бошқа тиббиёт муассасаларида кўрсатиш имконияти бўлмаган ихтисослаштирилган, юқори технологияли ва қиммат турадиган тиббий ёрдам олиш учун ажратилади.

Имтиёзли тоифага кириш шахсга автоматик равишда бепул даволаниш ҳуқуқини бермайди. Бунинг учун тиббий кўрсатма ва врач-танлаш комиссиясининг хулосаси бўлиши керак.

Бепул тиббий хизматлар учун квоталар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар чоракда тиббиёт марказларининг ўринлар фонди, ўринларнинг айланиши ва поликлиникаларнинг бемор қабул қилиш қувватидан келиб чиқиб қуйидаги миқдорларда квоталар белгиланади:

  • Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари учун — 20 фоизгача;
  • Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази учун — 20 фоизгача;
  • Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази учун — 30 фоизгача;
  • Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказида катта ёшдагилар бўлимлари учун — 20 фоизгача, болалар бўлимлари учун — 100 фоизгача;
  • Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази учун — 100 фоизгача.

Квоталар ҳудудлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқарув органларининг буюртманомалари асосида тақсимланади.

Ордер кимнинг хулосаси асосида берилади?

Бепул даволаниш учун ордер қуйидаги органлар ҳузуридаги врач-танлаш комиссиясининг хулосаси асосида берилади:

  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
  • Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси;
  • вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари.

Қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Врач-танлаш комиссияси ордер бериш масаласини тегишли тиббий ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда кўриб чиқади.

Жумладан, беморнинг республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказида даволаниши мақсадга мувофиқлиги ҳақида ҳудудий даволаш-профилактика муассасасининг хулосаси талаб қилинади.

Мазкур хулоса бирламчи тиббий ёрдам муассасасининг йўлланмаси асосида расмийлаштирилади.

Муҳим шарт

Бепул даволаниш фақат белгиланган квота доирасида, имтиёзли тоифага кирувчи шахсга ва тегишли тартибда берилган ордер асосида амалга оширилади.

Ордерсиз мурожаат қилинганда ёки шахс имтиёзли тоифага кирмаганда тиббий хизматлар, қоида тариқасида, пулли асосда кўрсатилади.

Chat