Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22494 марта ўқилди

Кимлар тавсиянома олиши мумкин

Тавсиянома олиш учун хотин-қиз қуйидаги шартларнинг барчасига жавоб бериши керак:

— ўрта махсус ёки профессионал таълим бўйича мутахассисликка эга бўлиши;

— олий маълумот олмаган ва олий таълимда таҳсил олмаётган бўлиши;

— олган мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга бўлиши.

Тавсиянома бир марта берилади ва берилган кундан бошлаб 3 йил давомида амал қилади.

Тавсиянома — белгиланган талабларга жавоб берган хотин-қизга давлат ОТМига ажратилган махсус қабул параметрлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат.

Тавсияномага қандай мурожаат қилинади

Талабгор ҳар йили 1 майдан 1 июнга қадар яшаш ёки турган жойидаги туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимига ариза беради.

Аризалар ишчи гуруҳ томонидан ўрганилади. Тавсиянома бериш ёки рад этиш бўйича тегишли жараёнлар июнь ойининг биринчи ярмида якунланиб, тавсиянома талабгорга 15 июнга қадар етказилиши таъминланади.

ОТМга қабул қандай бўлади

Тавсиянома ОТМга имтиҳонсиз қабул қилиш ҳуқуқини бермайди.

Тавсияномага эга хотин-қизлар ҳам умумий тартибда бакалавриат учун белгиланган тест синови ёки касбий (ижодий) имтиҳонда иштирок этади.

Агар талабгор умумий танлов бўйича талабаликка тавсия этилмаса, лекин кириш имтиҳонида мумкин бўлган максимал баллнинг камида 30 фоизини тўпласа, махсус квота доирасида танловда иштирок этади.

Алоҳида квота

Мутахассислиги бўйича камида 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар учун республика бўйича жами 500 та алоҳида қабул параметри ажратилади.

Ушбу ўринларга қабул базавий тўлов-контракт асосида, тўпланган баллар кетма-кетлиги бўйича амалга оширилади.

Танлов абитуриент рўйхатдан ўтишда танлаган биринчи таълим йўналиши бўйича ўтказилади.

Эслатма: тавсиянома олишнинг ўзи ОТМга киришни кафолатламайди. Талабгор кириш имтиҳонида қатнашиши ва махсус квота танловига кириш учун камида максимал баллнинг 30 фоизини тўплаши керак.

Қайси муассасаларга татбиқ этилмайди

2026 йил 1 июлдан ушбу махсус қабул тартиби:

— олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига;

— Тошкент давлат юридик университетига;

— бошқа ОТМларнинг «Юриспруденция» бакалавриат йўналишига;

— Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат ОТМлар ҳамда уларнинг филиалларига татбиқ этилмайди.

Chat