Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 14338 марта ўқилди

Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Унда қандай муҳим  қоидалар белгиланган, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда нималар  акс этиши лозим?

Одоб-ахлоқ комиссияси қандай вазифани бажаради?

Давлат органи ёки бошқа ташкилотнинг одоб-ахлоқ комиссияси ходимлар фаолиятидаги:

  • мавжуд манфаатлар тўқнашуви;
  • эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви;
  • уларни бартараф этиш учун кўрилган чораларни кўриб чиқади.

Комиссия манфаатлар тўқнашуви бўйича қабул қилинган чораларнинг етарлилиги ва тўғрилигини баҳолайди.

Комиссия хулосани қачон қабул қилади?

Одоб-ахлоқ комиссияси мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувлари тўғрисида ҳар ярим йилда хулоса қабул қилади.

Хулосада:

  • аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолати;
  • унинг келиб чиқиш сабаблари;
  • ходимнинг шахсий манфаатдорлиги;
  • манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш учун кўрилган чоралар;
  • ушбу чораларнинг етарлилиги ва тўғрилиги баҳоланиши мумкин.

Ҳар йилги декларациялар бўйича комиссия нима қилади?

Давлат органи ёки бошқа ташкилотнинг махсус бўлинмаси ходимлар томонидан тақдим этилган эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ҳар йилги декларацияларни:

  • 15 февралгача умумлаштиради ва таҳлил қилади;
  • 1 мартгача уларни тартибга солиш чоралари бўйича одоб-ахлоқ комиссиясига таклиф киритади.

Одоб-ахлоқ комиссияси ушбу таклифларни кўриб чиқиб, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича кўрилиши лозим бўлган чоралар ҳақида хулоса қабул қилади.

Комиссия хулосаси асосида махсус бўлинма ходимнинг бевосита ёки юқори турувчи раҳбарига тегишли чораларни кўриш ҳақида таклиф киритади.

Комиссия махсус бўлинма билан қандай ишлайди?

Одоб-ахлоқ комиссияси аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини махсус бўлинма билан биргаликда:

  • таҳлил қилади;
  • уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганади;
  • такрорланишининг олдини олиш чораларини белгилайди;
  • ходимлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб боради.

Махсус бўлинма сифатида коррупцияга қарши ички назорат ва (ёки) кадрлар бўлинмаси белгиланиши мумкин.

Манфаатлар тўқнашуви қандай аниқланади?

Манфаатлар тўқнашуви, жумладан:

  • ходимларнинг хабарномалари;
  • эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар;
  • давлат харидлари ҳужжатлари;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;
  • расмий электрон маълумотлар базалари;
  • оммавий ахборот воситалари ва Интернетдаги маълумотлар;
  • хизмат ва бошқа текширувлар натижалари асосида аниқланиши мумкин.

Ушбу маълумотларни ўрганиш асосан махсус бўлинма томонидан амалга оширилади.

Комиссия қандай чораларни тавсия қилиши мумкин?

Манфаатлар тўқнашувининг хусусиятига қараб комиссия қуйидаги чораларни қўллашни тавсия қилиши мумкин:

  • ходимни бошқа раҳбар бўйсунувига ўтказиш;
  • ходимни коллегиал орган ишида иштирок этишдан четлаштириш;
  • ходимнинг лавозим мажбуриятлари ёки хизмат ваколатларини қайта кўриб чиқиш;
  • муайян ахборот ва ҳужжатлардан фойдаланишни чеклаш;
  • ходим қабул қиладиган қарорлар устидан коллегиал назорат ўрнатиш;
  • шахсий манфаатдорликни бартараф этиш;
  • ходимнинг манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлаётган шахсий манфаатидан воз кечиши;
  • ходимни унинг розилиги билан бошқа тенг лавозимга ўтказиш;
  • бошқа чоралар етарли бўлмаса, меҳнат шартномасини умумий асосларда бекор қилиш.

Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш чоралари, қоида тариқасида, ходимнинг розилиги билан кўрилади.

Комиссия хулосаси якуний қарор ҳисобланадими?

Одоб-ахлоқ комиссияси манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича хулоса ва тавсиялар беради.

Ходимга нисбатан аниқ чора кўриш тўғрисидаги қарор тегишли ваколатга эга раҳбар ёки давлат органи томонидан қабул қилинади.

Ходим қабул қилинган қарор устидан:

  • бўйсунув тартибида юқори турувчи ташкилотга;
  • Коррупцияга қарши курашиш агентлигига;
  • ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Маълумотлар махфий сақланадими?

Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва тартибга солишда иштирок этувчи комиссия ва махсус бўлинма аъзоларига маълум бўлиб қолган шахсга доир маълумотларни ошкор қилишга йўл қўйилмайди.

Маълумотлардан фақат манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, кўриб чиқиш ва бартараф этиш мақсадида фойдаланилиши керак.

Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган қарорнинг оқибати

Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Бундай қарор ёки битим натижасида олинган фойда суд тартибида давлат даромадига ўтказилиши мумкин.

Ҳақиқий эмас деб топилган битимни бажариш билан боғлиқ харажатлар манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахс ҳисобидан қопланади.

Chat