Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10779 марта ўқилди

Қачон ID-картага алмаштирилади?

Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда ID-картага алмаштирилади:

  • фамилияси, исми, ота исми, туғилган йили ёки миллати ўзгарганда;
  • яшаш гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганда;
  • ҳужжатда хато ёки ноаниқлик аниқланганда;
  • яшаш гувоҳномаси яроқсиз ҳолга келганда;
  • ҳужжат йўқотилганда.

Яшаш гувоҳномаси — чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

ID-карта — шахсга оид биографик ва биометрик маълумотларни сақловчи электрон чипли ҳужжат.

Маълумотларни йиғиш пункти — ID-картани расмийлаштирувчи ички ишлар органининг миграция бўлинмаси ёки Давлат хизматлари маркази.

Қанча муддатда мурожаат қилиш керак?

Яшаш гувоҳномасининг муддати тугаган ёки фамилия, исм, ота исми, туғилган йил ёхуд миллат ўзгарган бўлса, уни бир ой ичида ID-картага алмаштириш лозим.

Яшаш гувоҳномаси йўқолганда бу ҳақда ҳужжат йўқолган жойдаги ички ишлар органига дарҳол хабар бериш керак.

Қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Маълумотларни йиғиш пунктига, қоида тариқасида:

  • белгиланган шаклдаги ариза-анкета;
  • чет эл фуқаросининг миллий паспорти;
  • аввал берилган яшаш гувоҳномаси;
  • зарур ҳолларда туғилганлик гувоҳномаси;
  • шахсий маълумотлар ўзгарганини тасдиқловчи ҳужжат;
  • давлат божи тўланганлиги ҳақидаги маълумот тақдим этилади.

Янги ID-карта берилганда аввалги яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта йўқ қилиш учун олиб қолинади.

Эски яшаш гувоҳномаси амал қиладими?

Эски намунадаги яшаш гувоҳномаси:

  • унда кўрсатилган муддат тугагунига қадар;
  • 60 ёшдан кейин берилган бўлса, 2030 йил 31 декабрга қадар

доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Муҳим: яшаш гувоҳномаси муддати ҳали тугамаган бўлса ҳам, уни белгиланган тартибда ID-картага алмаштириш мумкин.

Chat