Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4472 марта ўқилди

Кимлар давлат ҳимоясида бўлади?

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида ахборот берган шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари давлат ҳимоясида бўлади.

Ҳимоя коррупцияга оид ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, уни аниқлаш ёки фош этишга кўмаклашган шахсга нисбатан қўлланилиши мумкин.

Хабар берган шахс ҳақидаги маълумотлар ошкор қилинадими?

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахс тўғрисидаги маълумотлар хизмат сирини ташкил этади.

Ушбу маълумотлар фақат:

  • қонунда назарда тутилган ҳолларда;
  • хабар берган шахснинг ёзма рухсати билан;
  • коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи орган раҳбарининг ёзма рухсати билан ошкор қилиниши мумкин.

Қачон махсус ҳимоя чоралари кўрилади?

Агар хабар берган шахс ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан:

  • ҳаёти ёки соғлиғига ҳақиқий таҳдид мавжуд бўлса;
  • зўрлик ишлатилган бўлса;
  • мол-мулки йўқ қилинган ёки шикастлантирилган бўлса, ва буни тасдиқловчи етарли асослар мавжуд бўлса, коррупцияга қарши курашувчи органлар зарур ҳимоя чораларини кўриши шарт.

Қандай хавфсизлик чоралари қўлланилиши мумкин?

Вазиятнинг хусусияти ва таҳдид даражасига қараб қуйидаги хавфсизлик чоралари қўлланилиши мумкин:

  • шахс ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;
  • шахсни, унинг уй-жойини ва бошқа мол-мулкини қўриқлаш;
  • махсус индивидуал ҳимоя воситалари ва техник воситалар бериш;
  • вақтинчалик хавфсиз жойга жойлаштириш;
  • бошқа яшаш жойига кўчириш;
  • иш, хизмат ёки ўқиш жойини ўзгартириш;
  • зарур ҳолларда ҳужжатларни алмаштириш;
  • шахс тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишни чеклаш;
  • қамоқда ёки жазони ўташ жойида сақланаётган шахсга нисбатан қўшимча хавфсизлик чораларини кўриш.

Ҳужжатларни алмаштириш ва шахс ҳақидаги маълумотлардан фойдаланишни чеклаш фақат оғир ёки ўта оғир жиноят ишлари бўйича зарур бўлган ҳолларда қўлланилади.

Меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилинадими?

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бергани сабабли шахснинг ёки унинг яқин қариндошларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш тақиқланади.

Иш берувчи томонидан хабар берган шахснинг меҳнат ҳуқуқларини бузишга, жумладан уни асоссиз равишда ишдан бўшатиш, бошқа ишга ўтказиш ёки унга тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди.

Бундай ҳаракатлар қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Ҳимоя чоралари учун ҳақ тўланадими?

Ҳимоя чораларини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Ушбу харажатларни ҳимоя қилинувчи шахс зиммасига юклаш мумкин эмас.

Ҳимоя чораларини рад этиш устидан шикоят қилиш мумкинми?

Ҳимоя чораларини қўллаш ёки уларни қўллашни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан:

  • юқори турувчи органга;
  • прокурорга;
  • ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Хавфсизлик чоралари бўйича шикоят 24 соат ичида кўриб чиқилиши лозим.

Била туриб ёлғон хабар берилса

Ушбу ҳимоя кафолатлари коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида била туриб ёлғон ахборот берган шахсларга татбиқ этилмайди.

Бундай шахс қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.

Хабар берган шахс рағбатлантирилиши мумкинми?

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахс қонунчиликда белгиланган тартибда:

  • бир марталик пул мукофоти;
  • ташаккурнома;
  • эсдалик совға билан рағбатлантирилиши мумкин.
Chat