Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 137 марта ўқилди

Болаларга бепул ва хавфсиз юридик ёрдам кўрсатилади

«Мадад» нодавлат нотижорат ташкилоти ва UNICEF (ЮНИСЕФ) ҳамкорлигида зўравонликдан жабрланган ёки оилавий низоларга жалб этилган болаларга бепул, хавфсиз ва малакали юридик ёрдам кўрсатишга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида болаларга махсус ваучер тизими орқали болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тайёргарликдан ўтган адвокатлар томонидан гендер жиҳатдан сезувчан, болаларга дўстона ва хавфсиз юридик ёрдам кўрсатилади.

Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси, Аёл адвокатлар альянси ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкор ташкилотлар сифатида иштирок этмоқда.

Юридик ёрдам махсус танлаб олинган 10 нафар адвокат, жумладан 8 нафар аёл ва 2 нафар эркак адвокат томонидан кўрсатилади.

Қандай ҳолатларда юридик ёрдам олиш мумкин?

Лойиҳа доирасида қуйидаги тоифадаги ишлар бўйича бепул юридик ёрдам кўрсатилиши мумкин.

Жиноят ишлари бўйича:

  • боланинг жисмоний зўравонликдан жабрланиши;
  • боланинг психологик зўравонликка учраши;
  • боланинг эксплуатация ёки одам савдосидан жабрланиши;
  • боланинг таҳқирлаш ёки кибертаҳқирлашга учраши;
  • боланинг оилавий ёки маиший зўравонликдан жабрланиши.

Фуқаролик ва оилавий-ҳуқуқий низолар бўйича:

  • боланинг қайси ота-она билан яшашини белгилаш;
  • алоҳида яшовчи ота ёки онанинг бола тарбиясида иштирок этишига тўсқинликларни бартараф этиш;
  • бошқа шахслар тарбиясида бўлган болани ота-онасига қайтариш;
  • ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, чеклаш ёки тиклаш;
  • ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилмаган ҳолда болани ота-онадан олиб қўйиш;
  • фарзандликка олишни бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низолар.

Юридик ёрдам қандай кўрсатилади?

Мурожаат ўрганиб чиқилганидан сўнг, лойиҳа талабларига мос келган ҳолатлар бўйича болага ёки унинг қонуний вакилига малакали адвокат жалб қилиниши мумкин.

Адвокат томонидан кўрсатиладиган юридик ёрдам тўлиқ бепул бўлиб, адвокатлик хизмати учун тўлов лойиҳа маблағлари ҳисобидан қопланади.

Юридик ёрдам кўрсатиш жараёнида:

  • боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устувор ҳисобланади;
  • боланинг ёши, руҳий ҳолати ва эҳтиёжлари инобатга олинади;
  • махфийлик ва хавфсизлик тамойилларига риоя қилинади;
  • гендер жиҳатдан сезувчан ва болага дўстона ёндашув қўлланилади.

Мазкур лойиҳа болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг одил судловдан ва малакали юридик ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Агар сиз ёки атрофингиздаги бола зўравонликка учраган, таҳқирланган, эксплуатация қилинган ёки оилавий низога жалб этилган бўлса, бефарқ бўлманг. Малакали ва бепул юридик ёрдам олиш имконияти мавжуд.

Қўшимча маълумот

Қўшимча маълумот олиш учун +998 (71) 256-52-53 телефон рақамига, ҳудудий адлия органларига ёки «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилотининг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилиш мумкин.

Chat