Ушбу ҳужжатда телекоммуникациялар хизматларини кўрсатишда фуқароларга қулайликлар яратишга қаратилган қуйидаги бир қатор янгиликлар белгиланди:
1. Мобил алоқа абонентлари шахсий ҳисобида маблағ хизмат кўрсатишни давом эттириш учун етарли бўлмаганда мобил алоқа оператори ва абонент ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш (мавжуд бўмаган рақам ҳолатига ўказиш) муддати 2 ойдан бир йилга узайтирилади;
2. Абонентлар амалдаги тариф режасини исталган бошқа тариф режаси билан бепул алмаштириши мумкин бўлади (бундан муайян гуруҳ ёки маълум чекланган ҳудуд учун ишлаб чиқилган алоҳида тариф режаларига ўтиш мустасно);
3. Абонентлар Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасининг ишонч телефонларига кеча-кундуз бепул қўнғироқ қилишлари мумкинлиги белгиланди.
4. Аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида, хизмат кўрсатиш пунктига келиш имконияти бўлмаган фуқаролар учун яшаш жойига бориш, олис ва етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида сайёр мобил алоқа хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади;
5. Абонент – жисмоний шахсдан тариф режаси бўйича абонент тўлови ва хизмат учун маблағ ечишда ҳисобни салбий ҳолатга (қарздорлик ҳолатига) келтириш тақиқланади;
6. Абонентлар амалдаги тарифлар ўзгарганлиги тўғрисида камида 15 кун олдин оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайт ёки СМС хабарнома орқали мажбурий тартибда хабардор қилинади;
7. Мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш эндиликда хизмат кўрсатиш пунктларида 8 иш соатида эмас, балки 20 дақиқа ичида амалга ошрилади.
8. Мобил алоқа абонентларига пуллик қўшимча хизматларга обуна бўлиш бўйича контент хизматлари кўрсатишнинг қуйидаги янги тартиби белгиланди:
хизматларни активация қилиш операторларнинг мобил иловалари ёки USSD кодлар орқали амалга оширилади;
абонентларнинг розилик тасдиғини олмасдан хизматларни автоматик улашга ёки дастлаб бепул бўлган хизматларни пуллик қилишга йўл қўйилмайди;
контент провайдерлари томонидан абонентларга тақдим этиладиган барча пуллик хизматлар дастлаб нофаол ҳолатда бўлиши керак;
Мазкур ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.