Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

2026 йил 1 майдан Ўзбекистон қонунчилигида қатор муҳим ўзгаришлар кучга киради

  • 29.04.2026
  • 152 марта ўқилди

Қурилаётган уйларнинг ҳар бир подъездига видеокузатув камералари ўрнатиш, «ақлли» миграция пунктларини ташкил этиш, инфаркт ва инсультга қарши кураш бўйича Миллий дастурни жорий этиш, шунингдек архив хизматларини кўрсатишда айрим ҳужжатларни талаб қилишни бекор қилиш — ушбу ва бошқа янгиликлар 1 майда


2026 йил 1 майдан бошлаб миллий қонунчиликда қуйидаги ўзгаришлар кучга киради:

1. Ҳар қандай даражадаги стандартларни қўллаш ихтиёрий тус олади. Республика ҳудудида халқаро (минтақавий, хорижий) стандартларни қабул қилишнинг халқаро амалиёти жорий этилади, стандартларнинг расмий рўйхати миллий стандартлар даражасида шакллантирилади.

2. Янги қурилаётган кўп қаватли уйлар лойиҳаларида ҳар бир подъезд, лифтлар ва атроф ҳудудда кузатув камералари, шунингдек кириш эшикларида домофон тизимларини ўрнатиш назарда тутилади.

3. Умра сафарини амалга ошириш «Ҳаж ва Умра» ягона порталида мажбурий рўйхатдан ўтиш орқали амалга оширилади.

4. Таҗриба тартибида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг айрим туман (шаҳар)ларида ички ишлар органларининг миграция ва персонализация бўлинмаларида сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятига эга «ақлли» миграция пунктлари (Smart migration stations) ташкил этилади.

5. Халқаро дастурлар («Stent for Life» ва «Action Plan for Stroke») асосида ишлаб чиқилган инфаркт ва инсультга қарши кураш бўйича Миллий дастур жорий этилади.

6. Товарларни республика ҳудудига олиб киришда даврий декларациялаш орқали ҳар бир партия учун божхона тўловларини алоҳида тўлаш имконияти яратилади.

7. Ташқи савдо билан боғлиқ нотариф тартиб-таомилларни белгилашнинг шаффоф механизми жорий этилади: — тақиқ ва чекловлар реестри юритилиб, улар камида 3 ой олдин «Ягона дарча» божхона ахборот тизимида эълон қилинади; — ваколатли давлат органлари ва уларнинг қуйи ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун йиғимлар (тўловлар) миқдори ва ҳисоб-китоби «Ягона дарча» тизимида очиқ эълон қилинади.

8. Архив хизматларини кўрсатишда қуйидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади: — архив ҳужжатларини тартибга солиш бўйича малака аттестациясида тегишли раҳбарнинг тавсия хати; — мавзули сўровлар бўйича маълумотнома беришда сўралаётган ҳужжат нусхаси; — архив ҳужжатларини вақтинча хорижга олиб чиқиш учун рухсат беришда уларнинг ўтказилишига оид ҳужжатлар; — тижорат ташкилоти ҳужжатлари давлат архивига топширилганини тасдиқловчи маълумотнома (бунда давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар ушбу маълумотни мустақил равишда архив ахборот тизими орқали олади).

9. Ногиронликни белгилаш (болаликдан, I ва II гуруҳ) бўйича давлат хизматида фуқароларни имтиёзли даволаниш учун тиббиёт муассасаларига йўналтириш ва электрон навбатга қўйиш композит шаклда амалга оширилади.

10. Барча лицензия, рухсатнома ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади ҳамда фақат «Лицензия» ахборот тизими ёки ЯИДХП орқали амалга оширилади (Марказий банк ва Миллий истиқболли лойиҳалар агентлиги ваколатига кирувчи тартиб-таомиллар бундан мустасно).

Chat