Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

«O‘zbekfilm» миллий кинокомпанияси ва онлайн киноплатформаси ташкил этилади

  • 23.11.2026
  • 40 марта ўқилди

Ўзбекистонда «O‘zbekfilm» миллий кино брендини ривожлантириш учун Маданият вазирлиги муассислигида миллий кинокомпания ташкил этилади. 2028 йил 1 январга қадар миллий онлайн киноплатформа ва киночипталарни ҳисобга олишнинг ягона ахборот тизими ишга туширилади.


«Huquqiy axborot» хабарига кўра, ушбу чоралар Президентнинг 2026 йил 21 ноябрдаги ПФ–250-сон Фармонида белгиланган. Фармон кино соҳаси бошқарувини янгилаш, бир-бирини такрорлайдиган ваколатларни мақбуллаштириш, кинолойиҳаларни молиялаштириш, фильмлар ишлаб чиқариш ва муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишни кўзда тутади.

Кино соҳасида қандай тузилмалар ташкил этилади?

Маданият вазирлигининг марказий аппаратида Кино санъати департаменти тузилади. «Қорақалпоқфильм» давлат муассасаси негизида Миллий кинокомпания ва Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги муассислигида шу номдаги масъулияти чекланган жамият ташкил этилади.

Шунингдек, Киношунослар клуби тузилади, кино соҳасидаги икки уюшмани бирлаштириш орқали Ўзбекистон кино соҳаси вакиллари палатаси ташкил этилади. Тошкент шаҳрида болалар киноижодкорлиги мактаби ва платформаси очилади.

Ўзбекистон тарихи ва замонавий ютуқларини жаҳон экранларига олиб чиқишга қаратилган алоҳида аҳамиятга эга фильмларга Миллий кинокомпания таклифи билан Маданият вазирлиги «Умуммиллий кинолойиҳа» мақомини беради.

2028 йил 1 январдан қандай тартиб жорий этилади?

Давлат маблағлари ҳисобидан яратилган барча фильмлар ва давлат архивларидаги кино мероси материаллари «O‘zbekfilm» платформаси базаси учун рақамли шаклда мажбурий тартибда ва бепул тақдим этилади.

Хусусий киностудиялар ва муаллифларнинг фильмлари платформага шартнома асосида жойлаштирилади. Мамлакатдаги барча кинотеатрлар ва фильм намойиш этувчи бошқа ташкилотлар киночипталарнинг ягона ахборот тизимига мажбурий уланади. Ҳар бир сеанс, сотилган чипталар ва тушумлар ҳақидаги маълумотлар тизим орқали реал вақт режимида автоматик алмашилади.

Манба — «Huquqiy axborot»

Chat